Ўзбекистон | 18:06 / 09.11.2021
19195
2 дақиқада ўқилади

Сув танқислиги Ўзбекистон ГЭСларида электр энергияси ишлаб чиқариш камайишига сабаб бўлмоқда

2021 йилда сув танқислиги туфайли Ўзбекистондаги гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 23 фоизга камайди. Бу эса истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда, деб маълум қилди Энергетика вазирлиги.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

ГЭСларда сув ҳажмининг камлиги сабабли электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари камайиши кузатилмоқда ва бунинг натижасида айрим ҳудудларда электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда, дейилади расмий хабарда.

Изоҳланишича, бу – гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқаришнинг қисқариши билан боғлиқ бўлиб, бу эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун зарур миқдорда электр энергияси етишмаслигига олиб келган.

“Демак, 2019 йилда гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқариш 6,5 миллиард киловатт-соатни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўтган йилги кўрсаткич каби 5 миллиард киловатт-соатни ёки 1,5 миллиард киловатт-соатга кам (23 фоиз)ни ташкил этмоқда.

Мазкур 1 млрд 200 млн киловатт-соат электр энергия билан республика аҳоли истеъмолчиларини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин”,  – дея қайд этди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги.

Маълум қилинишича, эорий йилда сув омборларида белгиланган сув захиралари тўпланмагани нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикаларда ҳам кузатилмоқда.

“Шунга қарамасдан, мамлакатимизда мавжуд барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда”, – дейилади расмий релизда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистондаги йирик “Тоқтогул” сув омборида сув сатҳи “ўлик чегара”гача тушиши мумкинлиги маълум бўлганди.

Мавзуга оид