«Вазият сиз тасаввур қилганингиздан ёмонроқ. Гап ердаги энг қўрқинчли гуманитар инқироз ҳақида кетяпти», - деди Дэвид Бизли BBC’нинг Афғонистондаги мухбири Жон Симпсонга.

Афғонистон иқтисодиёти ҳокимиятга «Толибон» ҳаракати келиши ва хорижий ёрдамнинг музлатилиши туфайли бутунлай таназзулга юз тутиш арафасида. Бунга коронавирус пандемияси ва мамлакатдаги экинларнинг катта қисмини йўқ қилган кучли қурғоқчилик ҳам қўшилди. Бу сўнгги тўрт йил ичидаги Афғонистонда кузатилаётган иккинчи қурғоқчилик.

«Мамлакат аҳолисининг 95 фоизи етарли озиқ-овқатга эга эмас, ҳозирда 23 млн киши кучли очлик таҳдиди остида қолган. Кейинги олти ой фалокатли бўлади. Бу Ердаги жаҳаннам бўлади», - деди дам олиш кунлари Кобулда бўлган БМТ Жаҳон Озиқ-овқат дастури раҳбари.

Толиблар вакили инсонпарварлик ёрдами учун навбатда турган аёлларни қўриқлаб турибди. Фото: AFP

Афғонистонда ҳаво ҳарорати пасаймоқда. Қишлоқ туманлари аҳолиси БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида етказиб бераётган унга узоқ навбатда туришибди. Миллионлаб афғонистонликлар учун гуманитар ёрдам – қишда жон сақлашнинг ягона чораси, бироқ у барчага етмайди. БМТ очлик ёқасида қолган мисли кўрилмаган миқдордаги одамларга ёрдам бериш учун озиқ-овқат захираларини ошириш каби долзарб муаммога дуч келмоқда.

Дэвид Бизли дунё элитасини тезкор чоралар кўришга чақиряпти. «Жаҳон етакчилари ва миллиардерлар: тасаввур қилинг, гап очлик таҳдид қилаётган кичик ўғил ёки қизингиз, набирангиз ҳақида кетяпти. Сиз қўлингиздан келганича ҳаракат қиласиз. Дунё бойлиги ҳозир 400 трлн долларни ташкил қилмоқда, шунинг учун ҳаммамизга уят. Агар биз қаердадир бола очликдан ҳалок бўлаётганига қўйиб бераётган бўлсак, барчамизга уят. Бу бола қаерда эканининг эса аҳамияти йўқ», - деди БМТ вакили.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистондаги ёрдамга муҳтож 23 миллион кишини қисман овқатлантириш учун ойига 220 млн доллар талаб этилади.

Энг даҳшатлиси тоғлар орасида
BBC корреспонденти Жон Симпсон Radio 4 жонли эфирида Афғонистондаги вазият ҳақида сўзлай туриб, кўз ёшларини тия олмади.

Ўз фаолияти давомида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилган ўнлаб ҳудудларда бўлган 77 ёшли журналист шу кунларда толиблар томонидан 20 йил муқаддам вайрон этилган Будда ибодатхонаси жойлашган Бомиён водийсида бўлди ва у ерда ғорларда яшаётган аёлларни учратди.