Қайси витаминлар жуда зарур?

Витаминлар организмнинг моддалар алмашинув жараёнида муҳим роль ўйнайди. Улар гормон ва ферментлар қурилишида иштирок этади.

Витаминларга бўлган кунлик эҳтиёж миллиграмм ва микрограммларда ўлчанади. Бироқ модданинг оз миқдорда етишмаслиги ҳам саломатлик учун жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳар бир витаминнинг ўз вазифаси ҳамда таъсир доираси бор.

А

Бу ретиноид ва каротиноид моддалар гуруҳидир. Ретиноидлар жониворлар гўштида, каротиноидлар сабзавот, мева ва донларда мавжуд. А витамини кўриш тизимининг нормал фаолияти учун зарур. У кўз олмалари шиллиқ пардаларидаги моддалар алмашинуви жараёнини тартибга солади, ёруғлик ҳиссини таъминлайди. Бундан ташқари, А витамини иммунитетни мустаҳкамлайди, тери ва сочлар ҳолатини нормаллаштиради.

В

Бу гуруҳнинг асосий витаминлари:

  • В1 ёки тиамин, ёғ кислоталари ва аминокислоталар, углевод моддалар алмашинувини тартибга солади. У нормал ривожланиш ва ўсиш, овқат ҳазм қилиш, юрак фаолияти ҳамда асаб тизими учун муҳим.
  • В2 ёки рибофлавин қонда антитаналар ва эритроцитлар ҳосил бўлишида иштирок этади, ўсиш ва репродуктив функцияни тартибга солади. У қалқонсимон без фаолияти, тирноқ, соч, тери ҳамда шиллиқ қават учун зарур.
  • PP у яна В3, ниацин ёки никотин кислота деб аталиб, оқсил ва углеводлар алмашинуви, ферментлар ҳосил бўлиши, овқат ҳазм қилиш ва асаб тизими фаолиятида иштирок этади. Шунингдек, майда томирларни кенгайтиради ва холестерин даражасини пасайтириши мумкин.
  • В6 ёки адермин марказий ва периферик асаб тизими фаолияти, оқсил, ёғ, углеводлар алмашинуви, ёғ кислоталари ва аминокислоталар ўзлаштирилишида муҳим роль ўйнайди.
  • В9 ёки фолий кислотаси В12 билан биргаликда қон ҳосил бўлиш жараёнида иштирок этади. Бу витамин ўсиш ва қон-томир ҳамда иммун тизими ривожланишида муҳим. Ҳомилада асаб найчалари нуқсонлари ривожланиши хавфини пасайтиради. Шунинг учун ҳомиладор аёлларга кўпинча В9 тавсия этилади.
  • В12 ёки цианокобаламин эритроцитлар ҳосил бўлиши, нейронлар ривожланиши ва ДНК синтези учун зарур. У аминокислота ва ёғлар ўзлаштирилишида иштирок этади.

С

Аскорбин кислотаси иммун, эндокрин ва асаб тизими фаолиятида иштирок этади. С витамини қон томирлари мустаҳкамлигини сақлайди, темир ва оқсил моддалар сўрилишига ёрдам беради. У яраларни даволаш ва бириктирувчи тўқималар ҳосил бўлишида иштирок этади. Шунингдек, кучли антиоксидант ҳисобланади.