Flightradar24 сервиси маълумотларига кўра, 9 ноябрь куни Минск халқаро аэропортига Истанбул, Бағдод ва Дубайдан ўнга яқин рейс учиб келган (бу сайт чартер парвозларни ҳамиша ҳам қайд этмайди).
Аввалги кунларда бўлгани каби бу рейсларнинг аксар йўловчилари - Беларусь ҳукумати овоза қилмаган ҳолда қўллаётган, бу мамлакат ҳудудидан Европа Иттифоқи давлатларига бориш учун транзит пункт сифатида фойдаланишни мақсад қилган мигрантлардир.
Қисқача: миграция инқирози қандай бошланди
2020-2021 йилларда Беларусь ҳукумати 76 давлат билан визали режимни бекор қилди ёки соддалаштирди. Бундай давлатлар қаторида - урушлар ва қуролли низолар қамраб олган ҳамда тинч аҳолиси кетишга ҳаракат қилаётган Сурия, Ливия, Ироқ ва Афғонистон каби давлатлар ҳам бор эди.
Сурия, Ироқ ва Туркиядаги туристик агентликлар Беларусга саёҳатларни реклама қилиб, шу билан бирга турар жой ва ЕИ давлатларида иш таклиф этишга киришди. Минтақада кенг фойдаланиладиган WhatsApp мессенжерида шу каби юзлаб таклифлар пайдо бўлди.
Бундай «саёҳат» таклиф этилган шароитларга қараб 10 минг доллардан 20 минг долларгача туради. DW нашри ўз суриштирувида Беларусь консулликлари шундай турфирмаларга саёҳатчиларнинг паспортларига Беларусь визаларини қўйиб бериш ҳуқуқини ҳам берганини аниқлади.
2021 йилдан Беларусга Яқин Шарқ мамлакатларидан авиарейслар сони кескин ошди. ЕИ давлатлари, масалан, Франция ТИВ бу турфирмалар таклифлари айнан Беларусь ҳукумати ташаббуси эканини тахмин қилди.

Мигрантлар қаерлардан келмоқда?
2021 йил ёзида бу борада Ироқ етакчи эди. Сентябрда ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель ушбу мамлакат раҳбарияти билан Беларусга рейслар сонини қисқартириш бўйича келишувга эришди.
Эндиликда ЕИга Беларусь орқали ўтиб олишга уринаётган мигрантларнинг асосий қисми Сурия шимолидаги курдлардир. Ўз мамлакатида уларга ҳам ҳукумат, ҳам ИШИД жангарилари таҳдид солади.
Шунингдек, Ливия, Афғонистон, Яман ва Африканинг қатор давлатлари, сиёсий ва диний сабабларга кўра қуролли низолар бўлиб турган Конго ва Эфиопия каби давлатлардан ҳам қочқинлар кўп.
Улар Беларусь-Польша чегарасигача қандай етиб келган?



















