Польша ҳукумати пайшанба куни юзлаб мигрантлар Беларусдаги Беловеж ўрмони миллий парки яқинидаги Беловеж қишлоғи ҳудудида чегарани кесиб ўтишга ҳаракат қилишгани тўғрисида хабар берди. Варшавадан келган хабарларга кўра, чегарачилар тўсиқлар оша ҳаракатни тўхтатиш учун бир неча марта ҳавога огоҳлантирувчи ўқлар узишган. Бу вақтда Европа иттифоқи ва Беларусь президенти Александр Лукашенко ўртасида даҳанаки жанг давом этмоқда: Брюсселдагилар гибрид уруш ва янги санкциялар ҳақидаги сўзларни такрорлади, Минскдагилар Европани газдан узиб қўйиш билан таҳдид қилди.
Польша мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, чоршанба куни 468 нафар мигрант чегарани ноқонуний кесиб ўтишга ҳаракат қилган. 42 киши қўлга олинган - уларга Польша ҳудудини тарк этиш буюрилган ва улар Беларусга қайтариб юборилган.
Чоршанба куни энг қизғин воқеалар Беловеж қишлоғи атрофида бўлиб ўтган.
«Ҳужум бошланиб, ҳарбийларга турли буюмлар улоқтирилди, кейин тўсиқни бузиб ташлашга уринишди», дея хабар қилган Польша мудофаа вазирлиги расмийси. У ҳарбий хизматчилар огоҳлантириш учун бир неча бор ҳавога ўқ узишгани, шунингдек ушбу ҳудудга қўшимча кучлар юборилгани ҳақида қўшимча қилган. Шундан сўнг вазият тинчланган ва беларуслик чегарачилар мигрантларнинг катта қисмини ўрмон ичкарисига қайтариб олиб кетишган.
Мигрантларнинг бошқа бир гуруҳи чегарани Шудзялово қишлоғи яқинида бузиб ўтишга ҳаракат қилишди. Польша ҳукумати маълумотига кўра, бу ерда ҳарбийлардан бирининг устига катта хода отишган ва бунга жавобан ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узилган. Шундан сўнг ҳужум қилган қочиб кетган, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Польша ҳукумати бундан кейин қочқинлар оқими ортиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Варшаванинг баҳоларига кўра, Беларусь ва Польша чегараси бўйлаб бир неча минг қочқин жойлашган ва уларнинг сони кундан кунга ўсиб бормоқда.
Брюссель қиш яқинлашаётганини ҳисобга олиб, чегарадаги ҳолат гуманитар фалокатга айланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Ичида болалар ҳам кўп бўлган юзлаб мигрантлар палаткаларда тунамоқда, аммо тунда ҳаво ҳарорати нолдан пастга тушиши бошланган. Айримлар шунчаки очиқ осмон остида ухлашига тўғри келмоқда, сўнгги ҳафталарда бир неча киши музлаб қолиб жон берган.
Болтиқ бўйи давлатлари ҳарбий қарама-қаршилик таҳдиди ҳақида гапирмоқда
Европа иттифоқининг ҳисоблашича, Беларусь ва Польша чегарасидаги миграция инқирози Александр Лукашенко томонидан уюштирилган, уларнинг фикрича, у 2020 йилги президентлик сайловларидан кейин мамлакатда бошланган намойишлар куч билан бостирилишига жавобан Ғарб томонидан қўлланган санкциялар учун қасос олишга ҳаракат қилмоқда.

















