Польша ҳукумати Беларуснинг чегара ҳудудидаги барча мобил телефонларга бир неча тилларда ушбу миш-мишга ишонмаслик сўралган смс-хабарларни юборди. Бундай хабар мамлакат шимоли-шарқидаги Кужница чегара пунктида овоз кучайтириш орқали ҳам ўқиб эшиттирилди. Польша ИИВ матбуот хизмати ҳуқуқ-тартибот органларининг барчаси юқори шайлик ҳолатида турганини маълум қилган.

Беларусь-Польша чегарасида Яқин Шарқдан Беларусга келиб, чегара орқали Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳудудига ўтиш умидида минглаб қочқинлар тўпланиб турибди. Польша, шунингдек, Литва ва Латвия уларни чегарадан ўтказмаяпти, бу давлатлар чегарада бу қадар кўп сонли мигрантлар тўпланишини санкциялар учун қасос олиш мақсадида Россия томонидан Беларусь воситасида уюштирилган деб ҳисобламоқда. Польша ҳукумати Лукашенко ва Путинни «гангстерча тактика» ва «гибрид манипуляция» қўллашда айблаган. Икки президент ҳам айбловларни рад этиб келмоқда.

Польша ИИВ баёнотида айтилишича, дам олиш кунлари мигрантлар бир-бирига душанба куни чегарага уларни Германияга олиб кетиш учун автобуслар келиши, шундан кейин польшалик чегарачилар уларни ўз томонига ўтказиши ҳақида хабар тарқатишган. Вазирлик бу маълумот бирор асосга эга эмаслигини қайд этган.

«Польша Республикаси чегараси яқинида тўпланган мигрантлар орасида Польша мигрантларнинг Германияга транзитига рози бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Бу ёлғон», дея ёзди твиттердаги саҳифасида мамлакат ички ишлар вазири Мариуш Каминский. У бу хабарларни мигрантларни чегарани бузиб ўтишга ундашга қаратилган провокация деб атаган.

«Польша чегараси қўриқланмоқда ва қўриқланиши давом этади. Мен бу масалада қатъий қарорлар қабул қилдим», дея қўшимча қилди вазир ва Польша миллий хавфсизлик маркази мигрантларга миш-мишларга ишонмасликни сўраб, беш тилда батафсил маълумотларга ҳавола кўрсатилган хабарлар юбораётганини қайд этган.

Шанба куни 223 уриниш
Польша чегара хизмати ўрмонда, совуқ ҳавода болалари билан яшаётган мигрантларнинг чегарадан ўтиш учун навбатдаги уринишлари ҳақида хабар берди, хусусан, улар полициячиларга тошлар отишган.

Шанба куни 50 кишидан иборат гуруҳ Стажин қишлоғи яқинида тўсиқларни ошиб ўтган. Чегара хизмати маълумотига кўра, уларнинг барчаси тутилган ва Беларусь томонга қайтариб юборилган.

Яқин Шарқдан келган мигрантлар боши берк кўчага кириб қолишган ва Беларусь ўрмонида яшашга мажбур бўлмоқда / Reuters