Англия чемпионати, 12-тур
Ливерпуль – Арсенал 4:0
Голлар: 1:0 – 39 Мане, 2:0 – 52 Диогу Жота, Салоҳ 73, Минамино 77.
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд, Матип, ван Дейк, Цимикас, Тиаго Алькантара (Мортон, 84), Окслейд-Чемберлен (Ҳендерсон, 76), Фабиньо, Салоҳ, Мане, Диогу Жота (Минамино, 76).
Арсенал – Рэмсдейл, Томиясу, Габриэл, Уайт, Нуну Тавареш, Сака, Смит-Роу, Парти (Эл-Ненни, 84), Локонга (Мэйтленд-Найлз, 53), Ляказетт (Эдегор, 67), Обамеянг.
Огоҳлантиришлар: Мане 44, Фабинью 70
Ҳакам: Майкл Оливер.

Тақвим танаффусдан кейин «Ливерпуль»га жиддий синов тайёрлаганди: «Энфилд»га Микел Артета бошқарувида қаторасига саккиз ўйинда мағлуб бўлмаган «Арсенал» ташриф буюрди. Мавсум стартидаги уч мағлубият (тўплар нисбати 0:9) ортидан АПЛда олти ғалаба ва икки дуранг қайд этилди, аммо мавсумнинг бу қисмидаги рақиблар орасидаги энг жиддийлари «Лестер» (2:0) ва «Тоттенҳэм» (3:0) бўлди. Шанба куни Артета шогирдлари чемпионликка асосий даъвогарлардан бирига қарши туриши лозим эди.

Ўйин арафасида кучли тўртликни якунлаб турган мерсисайдликларда 22, меҳмонларда эса 20 очко бор эди. 12-тур доирасидаги учрашув тўртинчи ўрин учун ўзаро баҳсга айланди.

Икки мураббий ўйин олдидан бир-бирининг жамоаси ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Испаниялик мутахассис Юрген Клопп жамоани юқори даражага олиб чиққани ва бу даражани сақлаб қолаётганини эътироф этди, германиялик эса Лондон жамоаси Артета бошқарувида янги давр бошлагани, таркибда Эмил Смит-Роу, Бакайо Сако каби ёшлар кучли ўйин кўрсатаётганини айтиб ўтди.

«Арсенал» мураббийи Ливерпуль тепалигини забт этиш иштиёқида ёнаётганди. «Мен мағлубият ва ғалаба фарқини тушунаман, мен бизни «Энфилд»да нима кутаётганини биламан. Биз у ерга энг юқори чўққиларни ҳам забт этишга қодирлигимизни намойиш этиш учун боришимиз керак. Биз қилишимиз керак бўлган биринчи иш — ўз кучимизга ишониш, ғалабага қодирлигимизга ўзимизни ишонтириш», — деди ўйиндан олдин Артета Liverpool Echo нашрига.

Юрген Клопп эса халқаро ўйинлар учун қилинган танаффусдан норози эканини яна бир бор айтиб ўтди.

«Мен терма жамоалар ўйинлари учун ажратиладиган танаффусни ёмон кўраман. Гарчи бу танаффус бизга жароҳат туфайли сафдан чиққан футболчилар тикланиб олиши учун қўшимча вақт тақдим этса-да. Терма жамолар бош мураббийларида ўз режалари бўлади ва улар доим футболчидан максимал фойдаланиш мумкин деб ўйлашади. Бу сафарги танаффус бизнинг фойдамизга хизмат қилмади. Ҳендерсон ва Робертсон ҳозирча жамоа билан бирга шуғуллана олмайди. Улар ҳали терма жамоада олинган жароҳатларидан тикланишда давом этишмоқда», — деди Клопп Daily Mail мухбири билан суҳбатда.