Маълумот учун, Камронбек Осимжонов – Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетининг 3-босқич талабаси. У дастурлашга қизиқиши видео ўйинлардан бошланганини айтади.

Видео ўйинлар ва дастурлашга илк қадам

— Видео ўйинлар орқали пул ишлаш фикри туғилганда дастурлашга қизиқиш пайдо бўлган.

Билсангиз, ўйинларда нимадирни сотиб олиш учун пул сарфлаш керак бўлади. Шунда ўйинлардан пул ишласа бўлар экан, деб ўйлаганман. Одамлар ётиб олиб ўйин ўйнаб пул тўлайди, демак бундай ўйинлар пул олиб келишини тушунганман. Менда ҳам шундай ўйинлар яратиш фикри туғилган.

Дадамга шунақа ниятим борлигини айтиб, устоз топиб беришларини сўраганман. Устозим Руслан Йўлдошев бошланишига бундай ўйинлар яратиш мураккаблигини, бунинг учун сал осонроғидан бошлашим кераклигини айтган. Бошланишига Telegram'да ботлар яратишни ўрганганман. Оддийроқ ботлар, масалан, об-ҳаво маълумотини кўрсатадиган ботларни яратганмиз. Устозим билан Instagram, YouTube, Snapchat'дан юклайдиган ботлар қилганмиз.

Карантин пайтида TikTok ривожланишни бошлади ва у ердан видеоларни юклайдиган оддий бот яратдим. Кейинчалик фойдаланувчилар орасида энг кўп машҳур бўлган ботим – @TTsavebot TikTok'нинг “сув белгиси”ни олиб ташлайдиган бот эди. Оддий тилда айтганда, бот TikTok тармоғидаги исталган видеони, уни юклаган TikTok фойдаланувчисининг юзернейми ва TikTok белгисини олиб ташлаган ҳолда юклаш имкониятини беради. Кўпчиликка видеолардаги бу “сув белгиси” ёқмайди ва уни олиб ташлашни хоҳлайди.

Бунга қадар 2та Telegram-каналим бор эди: қизиқарли видеолар юклаб турардим. Видеоларни юклаганимда кўпчилик “видеоларингиз зўр, лекин сув белгисини олиб ташласангиз, яхши бўлар эди”, дерди. Ўшандан кейин TTsavebot'ни яратганман.

“Бот рекламаси учун пул сарфламадим”

— Каналларимда бот ҳақида маълумот бердим. Дўстларимга ботга кириб ишлатиб кўринглар, деганман. Яъни рекламага пул сарфламаганман. Яқинларимга тавсия қилганман, ғоя кўпчиликка ёққани учун ундан фойдаланишган.

Бот яратиш учун дастурлаш тилини билиш керак. Мен Phyton дастурлаш тилини ўрганганман. Бу дастурлаш тили орқали кўп нарса яратса бўлади: мен ҳар хил ботлар, сайт ва дастурлар қилиб кўрганман.