25 ноябрь тонгида Россиянинг Кемерово области Белово шаҳридаги «Листвяжная» кўмир конида ёнғин рўй берди. Ростехнадзорда маълум қилишларича, маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9да (Москва бўйича соат 5) шахтада портлаш ва ишчилар заҳарланиши рўй бергани бўйича сигнал келиб тушган. ТАСС агентлигининг шошилинч хизматлардаги манбаси маълум қилишича, вентиляция штрекида (ер юзига бевосита чиқмайдиган қилиб горизонтал ковланган жой) кўмир чанги алангаланиши юз берган. Унинг оқибатида ҳосил бўлган тутун вентиляция тизими орқали бутун кон бўйлаб тарқалган. «Портлаш кузатилмаган, шахтада ўпирилиш ҳолати йўқ», деган манба. ФВВда эса фақат 250 метр чуқурликда бўғилиш ҳодисаси рўй берганини айтишган.

Шахтада жами 285 киши бўлган, уларнинг кўпчилиги дарҳол юқорига кўтарилган. Ташқарига чиқишга улгурганларнинг 60 нафарида заҳарланиш қайд этилган, шундан 38 киши шифохонага ётқизилган. Кон фаолияти тўхтатилган.

Жума тонгида «Листвяжная»да бир киши омон қолгани маълум бўлди. «Улар [қутқарувчилар] унинг олдига етиб боришди, унинг ҳуши ўзида эди, шахта бўйлаб мустақил ҳаракатланди. Унга юқорига кўтарилишда ёрдам кўрсатилди. Бу чиндан ҳам, ҳайратланарли воқеа», - деди Кемерово области губернатори Сергей Цивилев.

Ичкаридан омон чиққан қутқарувчи гуруҳ аъзоси Александр Заковряшин бўлиб чиқди, у бир кун олдинги қутқарув амалиёти вақтида йўқолиб қолганди. Заковряшин - тиббиёт ходими бўлиб, шахтада у жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган. Шифохонадагиларнинг айтишича, унда совқотиш, ёнғин оқибатларидан заҳарланиш ва сувсизланиш қайд этилган.

Қурбонлар ва жабрланувчилар
Кемерово области губернатори Сергей Цивилевнинг телеграм каналида хабар қилинишича, қурбонларнинг жами сони 52 нафарни ташкил этмоқда. Шундан 46 нафари ҳодиса рўй берган вақтда юқорига чиқишга улгурмаган шахтёрлар, қолгани эса уларни қидириб тушган қутқарувчилар гуруҳи вакилларидир. Бу маълумотни ФВВ бош бошқармаси ва кемероволик қутқарувчилар отряди командири тасдиқлади.

25 ноябрь куни берилган маълумотларда, қутқарув амалиёти жараёнида икки гуруҳ йўқолиб қолгани айтилганди. Расмийлар аввалига уч қутқарувчининг, кейинроқ яна уч нафарининг ўлимини тасдиқлади.

Пайшанба оқшомида ОАВ фавқулодда хизматлардаги манбаларига таянган ҳолда авария оқибатида 52 киши, жумладан қутқарувчилар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқатишни бошлаганди. Бу ҳақда Белово шаҳар округи маъмурияти вакили ҳам маълум қилди. «Ичкаридагилар ис газидан бўғилиб жон берган», деган у «Интерфакс» мухбирига.