Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Аслам Акбаров Кузбасс клиник кончилар саломатлигини муҳофаза қилиш марказининг нейрохирургия бўлимида даволанаётган Ўзбекистон фуқароси Б.Т. ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Бош консул тиббиёт муассасасида беморнинг аҳволи билан танишиб, уни даволаётган шифокор билан суҳбатлашган.
Шифокор маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқароси баландликдан йиқилиши оқибатида тўртта умуртқаси, қовурғалари, оёқ панжаси ва тиззасидан жароҳат олган.
Унга зудлик билан умуртқа ва тизза бўғимида иккита жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шунингдек, беморнинг ҳаракатланишини барқарорлаштириш учун зарур махсус тиббий мосламалар ўрнатилган.
Ҳозирда беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Шифокорларнинг билдиришича, унинг ҳаёти учун хавф мавжуд эмас.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ватандошнинг даволанишини Ўзбекистонда давом эттириш масаласи ҳал этилмоқда.
Хусусан, уни авиарейс орқали Тошкентга етказиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.











