Янги сотиб олинган ёки чет элдан олиб кирилган телефонни UzIMEI рўйхатидан ўтказиш – кўпчилик учун бош оғриқ. “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун” ўйлаб топилган бу талаб ишлай бошлаганига 2 йилдан ошган бўлса-да, ҳали ҳам одамлар ундан норози. Кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.
Нега пулли ва нега бунча қиммат?
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида”ги Низомда рўйхатга олиш тўлови миқдори кўрсатилган.
Унга кўра, мобил қурилмаларни ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ва шахсий мақсадларда хориждан олиб кирувчи фуқаролар БХМнинг 10 фоизидан 25 фоизигача миқдорда тўлов тўлайди. Аслида бу битта қурилма учун кичик суммадай кўринса ҳам, бир неча юз минг IMEI кодлар тўпланган вақтда гап миллиардларга бурилиб кетади.
Биттагина кодни рўйхатга олиб қўйиш харажатлари шунчалик қимматми? Амалда “телефон солиғи” дейиш мумкин бўлган бу тўлов миқдорини ҳукумат қайси асосларга кўра бунча қиммат қилиб белгилаган?
UzIMEI тизимини юритиш бўйича ваколатли орган “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” ДУК охирги ҳисоботида 2019 йил 1 декабрдан 2021 йил январь ойининг 4 санасига қадар IMEI кодларни рўйхатдан ўтказишдан 240 миллиард сўм маблағ келиб тушгани айтган эди. 2021 йилнинг бошидан ҳозирга қадар, 11 ой давомида яна қанча маблағ келиб тушгани ҳали очиқланмаган.
Юқоридаги Низомда махсус ҳисобрақамга келиб тушган ушбу маблағларнинг бир қисми Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши, шунингдек, маблағларнинг бир қисми тизим оператори ўз фаолиятини юритиши учун унинг тасарруфида қолдирилиши ҳам кўрсатилган.
Лекин ҳозирга қадар қанча маблағ АКТ вазирлиги жамғармасига кетди, қанчаси тизим оператори “Ўзбекистон ТТБРМ”да қолгани номаълум.
Агар UzIMEI тизими операторининг харажатлари учун сарфланаётган маблағлар очиқланса, унинг тўловлари борасида яна ҳам аниқ таклифлар бериш имкони пайдо бўларди. Бундан ташқари, бу ҳозирги замон очиқлик тамойилларидан бири ҳисобланади.










