Соғлом овқатланиш шакар, тўйинтирилган ёғлар, фаст фуд, ширинлик ва чипс ҳамда газли ичимликлар каби егулик чиқиндиларидан воз кечишни назарда тутади. Бироқ бу одамларга вафли билан нонушта қилиш, конфет билан чой ичиш, овга борганда ҳот-дог сотиб олиш ва ўзлари қўллаб келаётган парҳезни соғлом деб ҳисоблашга халақит қилмайди. Маълум бўлишича, бу яхши ёндашув эмас.
2020 йилда Австралия ва АҚШ университетлари олимлари гуруҳи ана шундай парҳез иштаҳани назорат қилишга путур етказиб, хотирага салбий таъсир кўрсатишини аниқлади.
Парҳезнинг мияга таъсири қандай текширилди?

Олимлар 110 нафар ортиқча вазнсиз, соғлом кишиларни танлаб олиб, уларни икки гуруҳга ажратишди. Биринчи гуруҳдагилар учун одатий овқатланишга ўзгартириш киритилмади. Бошқа гуруҳдагиларга эса кунда бир маҳал 806–985 ккалли ширин ва ёғли маҳсулотлар, масалан, сэндвич ва сутли коктейль ёки Бельгия вафлиси берилди.
Тажрибадан олдин ва кейин барча иштирокчилар Ҳопкинс тестидан ўтказилди. У ёрдамида олимлар вербал хотирани текширишди. Бундан ташқари, талабаларнинг иштаҳани назорат қилиш қобилияти текширилди. Уларга бир неча мазали маҳсулотлар таклиф қилиниб, таом қанчалик ёқиши ва уни татиб кўриш истаги қанчалик кучли эканини сўрашди.
Дастлаб бу тест оч қоринга ўтказилди. Тажрибага қадар қорин тўқлиги ҳар икки гуруҳда ҳам маҳсулотларни яхши кўришни ҳам, уларни истеъмол қилиш истагини ҳам камайтирган. Бироқ кейин натижа ўзгарди.
Зарарли егуликлар истеъмол қилиш иштирокчиларни қандай ўзгартирди?
Тест натижаларига кўра, олимлар шундай хулосага келишди: бор-йўғи бир ҳафта давомида рационга ширин ва ёғли маҳсулотлар киритилиши иштаҳани назорат қилиш қобилиятини кучсизлантирди.
Тажриба бошлангунига қадар иштирокчилар оч вақтида таклиф этилган ширинликларни истеъмол қилгилари келган. Нонуштадан кейин эса таомлар жозибадорлиги камайган, бироқ уларни татиб кўриш истаги у қадар камаймаган.
Бундан ташқари, бундай парҳездан кейин талабаларда ақлий қобилиятлар ҳам ёмонлашган. Иштаҳани бошқариш қобилияти қанча ёмонлашса, шунча кам нарса эслаб қолишган.
Ана шу маълумотларга таянган ҳолда олимлар бундай парҳез гиппокамп – миянинг иштаҳа ва хотира учун масъул бўлган таркибига таъсир кўрсатган деган хулосага келишди.
















