Россия дрони Киев марказидаги Владимирская кўчасида жойлашган Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) штаб-квартираси биносига зарба берди. Бу ҳақда президент Володимир Зеленский УХХ раҳбари Олександр Поклад билан суҳбатдан сўнг маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, дрон махсус хизмат раҳбарининг кабинетига йўналтирилган.
«Жабрланганларнинг барчасига зарур ёрдам кўрсатилади», — деб қўшимча қилди Зеленский. У шунингдек, Покладга ҳарбийларни жалб қилган ҳолда «русларга бу зарбага муносиб, сезиларли ва иложи бўлса, ўзидай қилиб жавоб қайтаришни» топширди.
«Украинска правда» нашрининг ёзишича, маҳаллий вақт билан тахминан соат 15:30 да содир бўлган ҳужум пайтида УХХ раҳбари ўз кабинетида бўлмаган. Воқеа жойидан олинган видеода зарба теккан бинонинг деразасидан қуюқ тутун чиқаётганини кўриш мумкин. Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, Владимирская кўчаси ўтган Шевченко туманида дрон нотураржой биносининг томига қулаган. Унинг айтишича, оқибатда тўққиз киши жабрланган, улардан етти нафари шифохонага ётқизилган. Ҳужумдан ярим соат олдин шаҳарда ҳаво тревогаси эълон қилинган, Ҳаво кучлари эса реактив дронлар яқинлашаётганидан огоҳлантирган эди.
Шунингдек, УХХ штаб-квартираси яқинида жойлашган «Завертяйло» тармоғига қарашли кафе ҳам вайрон бўлган. Компаниянинг хабар беришича, бир аёл жабрланиб, шифохонага ётқизилган. Қолган меҳмонлар ва ходимлар ертўлага яширинишга улгурган.
Зеленский 17 июл куни Мудофаа вазири бўлган Евгений Хмаранинг ўрнига Покладни УХХ раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлаган эди. Бунгача Поклад ушбу идора раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган.
Зарба америкалик музокарачиларнинг ташрифи арафасида содир бўлди. ТАСС хабарига кўра, АҚШ президентининг махсус элчиси Стив Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер 5 сентябр куни Москвага, 6 сентябр куни эса Киевга ташриф буюради. Россия Мудофаа вазирлиги УХХ биносига зарба юзасидан изоҳ бермади.















