ЖССТ ташкилотнинг барча 194 аъзосини хавф гуруҳида бўлганларни эмлашни жадаллаштиришга ҳамда тиббиёт муассасаларига бўладиган навбатдаги оқимга тайёр туришга чақирди.

Бугунги кунда ковиднинг янги варианти туфайли бирорта ўлим ҳолати қайд этилмаган бўлса-да, ЖССТ «омикрон»да рўй берган кўплаб мутациялар унга эмланган ёки ковиднинг бошқа штаммларига чалиниб тузалган одамларнинг иммун тизимини четлаб ўтишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган.

«Касалликнинг қай даражада оғир кечишидан қатъи назар, касалланиш ҳолатлари сони ортиши соғлиқни сақлаш тизимларига қўшимча юклама олиб келиши, бу эса ўз навбатида ўлим ҳолатлари сонини кўпайтириши мумкин. Шунинг учун, айниқса вакцинация даражаси паст бўлган мамлакатларда хавф гуруҳига мансуб бўлганлар зарба остида қолиши мумкин», дея огоҳлантиради ЖССТ.

Бугунги кунда «омикрон» қайд этилган мамлакатлар сони 20дан ошди: Австралия, Австрия, Ботсвана, Бельгия, Буюк Британия, Бразилия, Дания, Германия, Ҳонгконг, Исроил, Италия, Испания, Канада, Нидерландия, Нигерия, Португалия, Саудия Арабистони, Швеция, Швейцария, ЖАР, Чехия ва Япония.

Байден ваҳима қилмасликка чақирмоқда

Фото: Getty Images

Якшанба куни Шимолий Америка ҳудудида, Канадада «омикрон»нинг илк ташувчиси қайд этилди, душанба куни эса АҚШ президенти Жо Байден бу штамм «хавотирга сабаб бўлиши, аммо ваҳима қилиш керак эмаслиги» ҳақида гапирди.

Оқ уйда чиқиш қилган Байден «Омикрон» АҚШга ҳам кириб келишидан қочиб бўлмаслигини айтган.

АҚШ душанба кунидан қуйидаги мамлакатлардан авиарейсларни бекор қилди: ЖАР, Ботсвана, Зимбабве, Намибия, Лесото, Эсватини, Мозамбик ва Малави. Жо Байден бу тақиқлар орқали АҚШ янги штаммни ўрганиш учун вақтдан ютиши мумкинлигини таъкидлади.

«Бизда - дунёдаги энг яхши вакцина, энг яхши дори-дармонлар, энг яхши олимлар ва биз ҳар куни ўрганишда давом этамиз», деган АҚШ президенти.

ЖССТ огоҳлантиришларига қарамай, Қўшма Штатлар қатъий локдаунга қайтмайди.

«Ҳозирча ваҳимага ҳожат йўқ»
Николай Воронин, BBC