Янги республика мамлакат пойтахти Брижтаунда, мустақилликнинг 55 йиллиги нишонланаётган кунда эълон қилинди. Барбадос 1966 йилда Лондондан тўлиқ сиёсий мустақилликка эга бўлган, аммо конституцион монархия шаклида қолган, шу боис шу кунга қадар Британия қироличаси давлат раҳбари ҳисобланарди.

Барбадос байроғи. GETTY IMAGES

"Бу республиканинг ташкил топиши янги ҳаёт бошланишини билдиради. Ўтмишнинг энг қора кунлари ва тарихимизга бир умрга доғ туширган қулдорликнинг даҳшатли жиноятларидан сўнг Барбадос халқи ғайриоддий ирода билан ўз йўлини қурмоқда", - деди шаҳзода Чарльз маросим вақтида.

Британиянинг Барбадосдаги биринчи колонияси 1627 йилда пайдо бўлган. Оролга 200 йил давомида Африкадан 600 минг нафар қул келтирилган, улар шакарқамиш плантацияларида меҳнат қилиб, инглиз хўжайинларига катта даромад келтирган. Бундан ташқари, Барбадос трансатлантикавий қул савдоси учун йирик транспорт боғламаси бўлиб қолган. 1834 йилга келибгина оролда қулдорлик тақиқланган.

Маросим ниҳоясида Британия монархияси мушакбозлик билан кузатиб қўйилди, қироллик штандарти туширилди. Республика эълон қилинишини қиролича Елизавета II’нинг ўзи ҳам қутлади  - у ўз табригида орол халқига "ўзининг илиқ ва энг яхши" тилакларини билдирди ва фаровонлик тилади.

2018 йилдан буён Барбадос генерал-губернатори бўлган, октябрда парламент депутатлари томонидан президент этиб сайланган 72 ёшли янги давлат раҳбари Сандра Мэйсон қасамёд қабул қилди.

"Барбадос кемаси илк сафарига отланди. У барча нохушликларни четлаб ўтсин ҳамда мамлакатимиз ва фуқароларимизни олдимизда турган янги уфқларга эсон-омон олиб борсин", деди Мэйсон хоним.

Рианна Барбадосни республика деб эълон қилиш маросимида. PA MEDIA

Бундан ташқари, маросимда шу оролда туғилган хонанда Рианна иштирок этди. У 2018 йилда Барбадоснинг фавқулодда ва мухтор элчиси бўлган, сешанбага ўтар кечаси эса бош вазир Миа Моттли уни миллий қаҳрамон деб атади.

Чалкаш туйғулар