Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми қиш келиши билан алмисоқдан қолган икки ёқилғи турлари – кўмир, ўтин ва таппи ёқа бошлайди.
Ўзимизнинг юртимиздан қазиб олинадиган газга ўзимиз ёлчимаймиз.
Алмисоқдан қолган ёқилғилар эса одамларнинг уйини иситиш билан бирга, баъзида жимгина жонини ҳам оляпти. Соқов ва кўринмас қотил деб аталадиган ис гази оқибатида бутун бошли оилалар эрталаб уйқудан уйғонмаяпти.
Бу – бир оиладан баъзан ҳеч бир ном-нишон қолмайди деган гап.
Расмий маълумотга кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда 106 киши ис гази ва газ портлашидан ҳалок бўлган. 2021 йилнинг ноябригача эса 96 киши ис гази сабаб вафот этди.
Ис газидан заҳарланиш сабаб бирваракайига 1 қизи ва 2 неварасини ерга қўйган ургутлик ота-она ўша мудҳиш ҳодисани шундай эслайди:
“Қизим вақтли туриб, тонг саҳарда иш бошларди. Ўша куни эрталаб қайноғаси борса, уйнинг чироғи ёқилган, оёқ кийимлар эшик ёнида турган экан. Моллар ташқарига чиқарилмаган, уйда ҳеч ким йўқ. Кейин бориб, деразасини очишса, тўртови ҳам қимирламай ётганмиш. Хонтахтада кеча терилган майиз турганмиш...”
Холмурод Очилов бу худди ёмон тушга ўхшаши, бирданига 3 яқинининг жасадини кўриш киноларда ҳам бўлмаслигини айтади.
“Оламдан ўтганидан бери, бошимда бир тумандай нарса пайдо бўлди. Ҳеч кетмайди. Кечалари уйқум қочиб кетади. Болалар билмасин деб якка уйга кириб йиғлайман. Ўзимча суҳбатлашаман. Буни душманимга ҳам раво кўрмайман. Бир кунда 3 кишини йўқотишни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди”, – дейди алам билан марҳуманинг отаси.
Токсиколог Неъмат Эшбоевнинг маълумот беришича, ис гази – ёпиқ хоналарда қозонлар, кўмир, ўтин ёки бошқа ёқилғиларни ёқиш оқибатида содир бўладиган газ. Агар дудбуронлар бекилиб қолган бўлса, ҳаво етишмаслиги сабаб табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ис гази пайдо бўлади.
“Фуқаролар кунбўйи иш ёки ўқишда бўлгани сабаб кечқурун уларда бош оғриши, уйқусираш, чарчоқ аломатлари бўлади. Ўша пайтда одамларимиз ётиб ухлашга ҳаракат қилади. Ис газининг ҳам илк белгилари уйқусираш, ётинқираш, бош айланиши ва чарчоқ. Шунинг учун ҳам ис газини фарқлай олишмайди. Уни айёр газ дейишади. Чунки ис гази ҳидсиз ва таъмсиз. Беморлар заҳарланганда узоқ вақт реабилитация талаб қилинади, тутқаноқ синдроми, ақлий заифлик ҳам бўлиши мумкин”,










