АИ-80 бензинини ишлаб чиқариш тўхтатилади

Бензин нархи мавзуси ҳамон актуаллигини йўқотмаяпти. Монополияга қарши курашиш қўмитаси уларнинг аралашуви билан нарх тушаётгани ҳақида баёнотлар бераётган бўлса-да, аксарият шохобчаларда АИ-80 бензини нархи 8 минг сўм атрофида сақланиб турибди.

Қўмита эса биржадаги бензин нархи 10 кун ичида 20 фоизга пасайгани, айрим шохобчаларда АИ-80 бензини 6500 сўмгача арзонлашганини айтяпти. Лекин, масалан, Тошкентда бунақа нархга ёқилғи тополмайсиз. Энг арзони “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида – 6890 сўм. Бу нархда бензин қуйиш учун, биринчидан, навбат куриш керак; иккинчидан, кечга яқин шохобчаларда АИ-80 бензини тугаб қоляпти.

Энди буёғига ҳайдовчилар АИ-80 танқислигига кўникиб бораверишлари керак. Чунки бу маркадаги бензинни ишлаб чиқариш яқин орада бутунлай тўхтатилади. “Ўзбекнефтгаз” 1 декабр куни айни шу масалада россиялик ҳамкорлар билан музокара бошлаганини маълум қилди.

Музокараларда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида АИ-80 ўрнига АИ-92 бензинини ишлаб чиқаришга ўтиш кўриб чиқиляпти. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган АИ-80 бензинининг 80 фоизи айнан шу заводдан чиқади.

Айримлар билмаслиги мумкин, лекин Ўзбекистон – АИ-80дан фойдаланадиган саноқли давлатлардан бири. Аксарият давлатлар бунақа сифатсиз бензиндан аллақачон воз кечган. Ўзимизнинг UzAuto чиқарадиган машиналарнинг бирортасига ҳам аслида АИ-80 бензинини қуйиш мумкин эмас.

UzAuto Motors ички истеъмолчиларни камситяптими?

Ҳафта ҳайдовчилар учун янгиликларга бой бўлди. Улардан энг шов-шувлиси – UzAuto Motors яна минглаб мижозларига машиналарни вақтида етказиб бермагани бўлди.

Ноябр-декабр ойларига деб шартнома тузганлар яна 2 ой кутишга мажбур.

Мижозларга муносабатни қаранг: компания ноябр ойига деб тузилган шартномаларни ўзгартираётгани ҳақида ойнинг энг охирги кунидагина хабар қилди. Яъни бир неча минг харидор ойнинг охирги кунигача пуч умид билан кутган бўлиб чиқди.