6 декабрь куни Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев фахрий қоровул олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар.

Сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.

«Самимият ва ишонч руҳида ўтган учрашувда етакчилар кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон шериклигига доир кенг кўламли масалаларни, шу жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кўриб чиқдилар, халқаро ва минтақа кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Қозоғистон президенти давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлаб, президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади ва келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади, ушбу учрашувнинг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этди.

«Сиз Қозоғистонга давлат ташрифи билан келганингиздан жуда мамнунмиз. Ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда ушбу воқеа жуда муҳим. Бугун имзоланадиган ҳужжатлар тўплами шериклигимизга қўшимча суръат бағишлайди. Мамлакатларимиз ҳукуматларига барча саъй-ҳаракатларни қўйилган мақсадларга эришишга қаратиш топшириғини беришга келишиб олдик. Ўйлаймизки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг жиддий омили бўлиб хизмат қилади», деди Тўқаев.

Ўзбекистон президенти таклиф учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўтаётганини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон халқи номидан биродар қозоқ халқини ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклади, тинчлик-осойишталик, равнақ ва янги зафарлар тилади.

Бугунги кунда Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлигида Қозоғистон биринчи президент – элбоши Нурсултон Назарбоев бошлаган катта бунёдкорлик ишларини давом эттираётгани ва барқарор тараққиёт йўлидан дадил бораётгани таъкидланди.