Ўзбекистон | 07:52 / 11.12.2021
6682
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий иттифоқи саммитида иштирок этди 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 декабрь куни Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг видео-анжуман шаклида ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилиш кун тартибидан ЕОИИ маконида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, жумладан, иқтисодиёт, савдо, саноат, транспорт, божхона маъмуриятчилиги, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда амалий шерикликни кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон президенти қўшма қарорлар қабул қилишни тақозо этаётган энг долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.

Иқтисодий алоқаларни барқарор ривожлантириш учун ёндашувларни янада мувофиқлаштириш зарурлигини қайд этиб, Ўзбекистон етакчиси ўзаро савдода тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш муҳим эканини таъкидлади. Шу муносабат билан юртимиз ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлашни кўпайтириш учун энг қулай шароитлар яратиш борасидаги ёндашув ва механизмларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрлиги билдирилди.

Давлат раҳбари саноат кооперациясини мустаҳкамлашнинг долзарб аҳамиятини яна бир бор таъкидлаб, бу борада, шу жумладан ташкилот доирасида индустриаллаштириш онлайн харитасини яратишда иштирок этиш орқали ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

Президент янги транспорт йўлакларини яратишга қаратилган, мамлакатлар транзит салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни янада фаолроқ илгари суришга чақирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон юк ташишларни кузатиш учун навигация тамғаларини жорий қилиш дастурига қўшилиши мумкинлиги қайд этилди. ЕОИИ логистика занжирларини ривожлантириш рақамли экотизимини яратиш тўғрисидаги ташаббус қўллаб-қувватланди.

Иштирокчиларнинг эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратилди. Шу муносабат билан давлат раҳбари Ўзбекистон юқори даражадаги ишчи гуруҳи фаолиятида иштирок этишга тайёр эканини билдирди ҳамда унинг доирасида “яшил” тараққиёт соҳасида чора-тадбирлар режасини тасдиқлашни таклиф этди.

IT соҳасида тажриба алмашиш ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди ва шу муносабат билан навбатдаги Евросиё рақамли форумини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Кузатувчи давлатларни Евросиё маконидаги долзарб ташаббуслар ва кооперация дастурларини амалга оширишга янада фаол жалб этиш, шунингдек, илмий-техник ва гуманитар алмашинувларни рағбатлантириш зарур экани таъкидланди. Шу мақсадда давлат раҳбари ЕОИИ Тараққиёт маркази имкониятларидан фойдаланишни ҳамда кузатувчи мамлакатларнинг кенгаш ва ЕИК органлари ишида иштирок этишини таклиф этди.

Президент нутқининг якунида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини тасдиқлади.

Мавзуга оид