Ҳафта воқеаси – шубҳасиз, Сурхондарё вилояти Денов тумани марказидаги портлаш. Ўзбекистонда бунақанги даражада кучли портлаш бўлганини сиз ҳам эслай олмасангиз керак.

7 декабр тундаги портлашдан кейин вайроналар орасидан 2 кишининг жасади топилди, камида 9 киши жароҳатланган. Жароҳат олганлардан 2 нафарининг аҳволи ўрта оғир, улардан бирининг ўнг қўл бармоқлари узилиб кетган...

Портлаш шу қадар кучли бўлганки, бир неча километр наридан ҳам сезилган. Жами 65та уй зарар кўрган, 6та хонадон умуман яшаб бўлмайдиган аҳволга келган.

Портлаш сабаби бўйича расмийлар айтаётган тахмин – бир неча соат давомида газ сизиб чиқиши. Лекин бу тахминга ҳамма ҳам ишонқирамаяпти. Портлаш рўй берган вақтда бинонинг 2-қаватида бўлганлардан бири “Дарё” мухбири билан суҳбатда “газ умуман чиқмагани, ҳиди чиқса, сезган бўлишлари”ни айтган.

Шу атрофда яшовчилар эса портлашдан икки кун аввал савдо мажмуасига одамлар киритилмагани, у ерда савдо қилинмаганини айтган. Улардан айримлари портлаш уюштирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Яна бир шубҳали ҳолат савдо марказидаги тадбиркорлар билан боғлиқ. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг айтишича, “Инденим” савдо марказида ишловчи тадбиркорлар портлашдан бир кун олдин мажмуадаги мавжуд товарларини инвентаризация қилиб чиққан ва у ерда қанча мол-мулклари борлигини аниқлаб олган. Улар бу ҳақда тергов жараёнида айтиб ўтишган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган, ўндан ортиқ экспертизалар тайинланган. Бош прокуратура портловчи моддалардан фойдаланилмаган деган дастлабки хулосани берди.

Бир жиҳатга эътибор беринг. Портлаш соат 03:57да рўй берган эди, лекин шу куни “Ўзбекистон” ва “Ўзбекистон 24” телеканалларидаги “Ахборот”нинг ҳатто кечқурунги сонларида ҳам бу ҳақда маълумот берилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Миллий телерадиокомпания ва унинг ҳудудий бўлимларига бюджетдан 429 миллиард сўм ажратилади. Бу – салкам 40 млн доллар дегани.