2021 йилда Инҳа университетида докторантура босқичини тамомлаган иқтисодчи Валижон Тўрақулов «Осмондаги болалар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлди. У суҳбат давомида китобга бўлган меҳрни уйғотиш, болаларни ёшлигидан илмга қизиқтириш, таълимни хусусийлаштириш, Жанубий Корея ва Ўзбекистон таълим тизимини қиёслаш, Ўзбекистон ЖСТга кирса, қандай ўзгаришлар бўлиши ҳамда жамиятни қийнайдиган турли мавзуларда тўхталиб ўтди.

Фаолиятнинг бошланиши...

— 2015 йилдан мен учун янги ҳаёт бошланди, ҳам уйландим, ҳам докторантура босқичини бошладим. Доим бир шаҳарда яшаб юрганман ва ўша йилдан турмуш тарзим тубдан янгиланди. Яъни янги оила, янги шаҳар, янги университет. 2015 йилда докторантура босқичини бошлаган бўлсам, 2021 йил бошларида ўқишни битириб, сентябр ойларида ватанга қайтдим ва ҳозирда АКФА университетида ишлаяпман.

Мен Халқаро савдо бўйича иқтисодчиман, яъни «Халқаро савдо иқтисодчиси»ман. Докторлик ишим мавзуси – «Марказий Осиё давлатларидаги савдо харажатлари ва ўша харажатларни қандай қилиб тушириш» бўлган. Бу мавзу бўйича жуда кўп жойларда маъруза қилдим, халқаро журналларда мақолалар нашр этдик ва худога шукр, ўқишни битириб олдик.

— Кореядан 100 кг китоб билан келган экансиз? Умуман олганда, ана шу китобларни ўқишдан нима манфаат бор деб ўйлайсиз?

— Китоб — бу илм манбайи. Биласизки, даражалар бор. Биринчи, ахборот, кейин илм ва охири ҳикмат туради. Мен бу савол учун икки фикр билдирмоқчиман.

Биринчиси – илмни фақат китоб беради. Китоб орқали илм олаверасиз ва охир-оқибат ҳикмат даражасига чиқасиз. Компютер ёки телевидение сизга ё маълумот беради, ё ахборот беради. Ахборот технологиялари – бу илм манбайи эмас. Бу нарсалар тартибли бўлишга ва бир мавзуни тўлиқ ўрганишга йўл қўйиб бермайди.

Иккинчиси – китобларни камида 30-40 ёшдан юқори бўлган инсонлар ёзади. Одам муваффақиятга эришиш учун кимлардир қилган хатоларни қилиши шарт эмас, яъни ўша хатоларни, камчиликларни аллақачон ёзиб қўйганлар бор. Бадиий ёки илмий китоб бўладими, китоб ёзаётган муаллифнинг хаёлидаги фикрлар ёзилади. Ёзувчининг хато ва камчиликлари, ютуқлари ўша китобда мужассам бўлади ва сиз жуда ҳам кўп илм оласиз.

Ватанга қайтганимда бир нарсага ҳайрон қолдим, Тошкентда уй олмоқчи бўлганимизда ҳеч бир уйда китоб жавони йўқ экан. Тўғри, уй дизайни, қурилиши яхши, ҳаттоки, Кореядаги уйлар ҳам бунчалик ҳашаматли эмас. Лекин уларнинг ҳар бир хонадонида китоб жавонлари бўлади. Китобсевар инсон сифатида «Ҳар биримизнинг уйимизда китоб жавони бўлиши керак», деган бўлардим.