ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ижтимоий тармоқда тарқалган, Tracker русумли, 01 202 VSG давлат рақам белгили автомобиль бириктирилган ҳайдовчи ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани ҳақида маълум қилди.
«Ижтимоий тармоқда Traсker русумли, давлат рақами 01 202 VSG бўлган махсус транспорт воситасининг ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги ҳолати акс этган видео тарқалди.
Видео Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганилди ва мазкур автомобил ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 128/5 моддаси тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шу ўринда барча ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларга риоя қилишга чақириб, қоидабузарликларга бефарқ бўлмаган жамоатчилик назорати вакилларига миннатдорчилик билдирамиз», дейилади Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи матбуот котиби маълумотида.

Бунгача нима бўлганди?
Телеграмдаги AvtoblogUz канали 14 декабрь куни Қоидабузар VSG сарлавҳали постида йўлнинг қарама-қарши томонида ҳаракатланаётган Tracker видеосини жойлаштирди.
Кейинроқ ушбу машина Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Олим Саидовга тегишли экани, шунингдек, мазкур автомобил номида жарималардан 148,4 млн сўм қарздорлик йиғилиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Катта эҳтимол билан, бундай хабарларга AvtoblogUz муаллифининг Олим Чориқуловичга мурожаати сабаб бўлган.

ЙҲХББ мазкур хабарлар юзасидан расмий муносабатида Tracker бош бошқарма бошлиғига эмас, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси иккинчи минтақавий ҳудуд раҳбари, полковник Иброҳим Ҳасановга бириктирилганини маълум қилган. Автомобилни унинг ҳайдовчиси Одил Сангилов бошқаргани таъкидланган.


















