22 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда янги намунадаги 50 минг ва 100 минг сўмлик купюралар муомалага чиқади. Банк тизимида ишлайдиганлар ёки шу тизимда танишлари борлар чоршанба куни эрталабдан янги пулларни интернетдаги профилларида биринчилардан бўлиб кўз-кўз қилишлари мумкин.

Демак, буёғига нақд пул билан муомала қилишда ҳушёрроқ бўлаверасиз. Ахир қоғоз пулларнинг хиллари 6 ой ичида 2 баробарга кўпайиб кетди.

Қанақасига дейсизми? Шунақасига. 14 июнгача муомаладаги купюраларнинг турлари 5 тагина эди холос. 22 декабрдан бошлаб эса уларнинг сони 11 тага етади.

Аслида купюраларни дизайн жиҳатдан эмас, номинал қиймати жиҳатидан санаганда, халқаро стандартга мос – банкнотлар сони жами 7та. Мисол учун, доллар ва евро банкнотлари ҳам 7 хил. Лекин ҳам янги, ҳам эски намунадаги пуллар бир вақтда амал қилаётгани сабаб сўм купюралар сони 11тагача чиқиб кетяпти.

Бунга сабаб, менимча, Марказий банк негадир янги пуллар чиққанида эскиларини муомаладан йиғиштириб олишга шошилмаяпти. Агар янги пулларни етказиб беришга улгуришмаётган бўлса, янги 50 ва 100 минг сўмликни чиқаришни кейинроққа суриб турса бўлмасмиди? Ахир 11 хил пулнинг борлиги одамларга ноқулайлик туғдириши аниқ-ку.

Нақд пул бўйича буёғига ҳушёрроқ бўлаверишга яна бошқа сабаб ҳам бор. 10, 20 ва 50 минг сўмлик пуллар ранги бир-бирига анча ўхшаш. 20 минг сўмлик бир пачка пулнинг ичига 1-2та 10 минг сўмликлар қўшилиб қолса, билмай қолиш мумкин. Устига устак айни шу учта банкнотнинг ўлчами ҳам теппа-тенг.

Ўлчамлар ҳақида гап кетганда пуллар ихчамлашаётганини айтиб кетмасак бўлмайди. Ҳажм жиҳатдан янги пуллар уч гуруҳга бўлинади. 1-гуруҳ энг кичик пуллар: 2 минг ва 5 минг сўмликлар. 2-гуруҳ – 10 минг, 20 минг ва 50 минг сўмликлар. 3-гуруҳ – 100 сўмлик энг каттаси. Пулларнинг узунлиги гуруҳдан гуруҳга 5 миллиметрдан ошиб боради.

Шу билан бирга, бу олтита янги пулнинг ҳаммасининг эни тенг – 69 миллиметр. Бу – доллар купюраларидан 3 миллиметрга катта дегани. Ҳамён ишлатишга одатланганлар учун бу яхши янгилик. Чунки эски сўмлар долларга мўлжаллаб ишлаб чиқарилган ҳамёнларга сиғмас эди.

Айни шу ҳажм томондан доллар билан яна бир марта солиштириб кетсак. Яхши биласиз, доллар купюраларининг ҳаммаси номинал қийматидан қатъи назар тенг ўлчамда. Янги сўмларнинг эса фақат эни бир хил, узунлиги эса айтиб ўтганимиздек уч хил.