Халқимиз кулгисевар. Сўнгги йилларда фаолияти юморга асосланган кўплаб жамоалар пайдо бўлаётгани, уларнинг концертлари ҳамиша гавжумлиги, турли платформаларда миллионлаб марта кўрилаётгани бунинг исботидир. Ҳар қандай машҳурлик пул келтириши мумкин, пул ортидан эса албатта қинғирликлар эҳтимоли ҳам туғилади.
Айнан шундай вазият бугунги кунда анча машҳур бўлган “Дизайн” жамоаси билан кузатилди. Хушчақчақ йигитлар суд қарорига бўйсунишга, ўзлари олган ва ишлатиб юборган 30 минг долларни тўлашга шошилишмаяпти.
Ҳаммасини бир бошдан бошлаймиз. Бугунги кунда “YouTube” видеоҳостинги ҳамманинг диққатини ўзига қаратиб олиш билан бирга, катта пул ишлаш имкониятини яратгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳазил-мутойиба қилувчи жамоалар концертдан ҳам кўра кўпроқ ана шу имконият орқали пул ишлашаётгани ҳам бор гап. Қолаверса, концертлар видеолари тарқалаверар экан, жамоа хизматига ҳам талаб ошаверади, у ёғи анъанавий тўй-томошалар дегандек...
Лекин қарийб икки йилдан бери давом этаётган карантин ҳолати турли томошаларни анча чеклаб қўйди. Жамоалар ҳам маълум вақт концерт бера олмай қолишди. Ана шундай кунларнинг бирида тадбиркор Салоҳиддин Саломов ва “Дизайн” жамоаси навбатдаги концертни alladin.tv платформасида онлайн тарзда ўтказишга келишиб оладилар.
Оғзаки келишув тузилади: унга кўра, “Дизайн” уюштирилган концерт учун Салоҳиддин Саломовдан 60 минг доллар оладиган бўлади. Концерт дастури Салоҳиддин Саломовга қарашли “ALADDIN-TM” МЧЖга тегишли платформада жойлаштирилиши, келадиган даромад (тушум) “ALADDIN-TM” МЧЖга 70 фоиз ва “Дизайн”нинг ҳуқуқий эгаси бўлган “DIZAYN PRO” МЧЖга эса 30 фоиз нисбатида тақсимланишига келишилади.
Иш бошланишидан олдин Салоҳиддин Саломов “Дизайн” жамоаси йигитлари – Дилшод Мусабеков, Қобил Каримбердиев, Абдураҳмон Мавлонов ва Саъдулла Фатхуллаевларга 30 минг долларни тилхат асосида беради.
Шу ерда диққат қаратиш зарур бўлган нуқта бор: бу тўртовлон ҳамма жойда “Дизайн” жамоасининг тимсоллари бўлишса-да, “DIZAYN PRO” МЧЖнинг расмий директори Д.Умурзаковдир. Яъни кейинчалик суд эътибор қилган жиҳат: бу йигитларда жамият номидан пул олиш ваколати бўлмаган. Шунингдек, олинган пуллар ҳам тегишли тартибда банкка кирим қилинмаган.
Шундай қилиб, 30 минг доллар берилади, “Дизайн” йигитлари концертга тайёргарликка киришадилар. Ғоя бир қарашда ажойиб эди – ҳамма карантинда зерикиб ўтирган бир пайтда, 2020 йил 20 декабрь куни “YouTube” орқали онлайн концерт дастурини намойиш қилиш режалаштирилган.
Аммо Салоҳиддин Саломов маълум сабабларга кўра тўловнинг иккинчи қисми – қолган 30 минг долларни бермайди. Томонлар ўртасида келишмовчилик келиб чиқади. Шу туфайли концерт эълон қилинган муддатда намойиш этилмайди. Орадан бир неча кун ўтиб, яъни 2020 йилнинг 29 декабрида бу концерт барибир “YouTube” орқали намойиш этилади. Фақат “Дизайн” жамоасининг ўзига тегишли саҳифада жойланади. Шу билан Салоҳиддин Саломов ва унга тегишли “ALADDIN-TM” амалда на пулсиз, на маҳсулотсиз қолади.








