«Бизнес Коучинг» ўзи нима ва тадбиркорга нима бера олади?
«Катта бизнеслар катталашиб бораверади, кичиклари эса юзага чиқмайди — ёпилиб кетади ёки бир жойда ривожланмай қолаверади. Чунки...». Бу гапларни айтар экан, одамлар турли важларни мисол қилиб келтиради, аммо масаланинг моҳиятига етиш учун озгина изланиш, фикр қилиш, ўз устида ишлаш, янгиликларни ўрганиш ва замон билан ҳамнафас бўлиш кераклиги ҳақида ўйлаб кўрмайди.
Йирик компаниялар ҳақида гап кетса, ишонч билан айтиш мумкинки, уларнинг асосчилари, раҳбарлари ва топ-менежерлари мунтазам равишда ўз устида ишлайдиган, янги билимлар олиш ҳаракатида бўладиган одамлардир. Бунинг учун эса улар турли коучингларда иштирок этади, тренингларда қатнашади, китоб ўқийди.
Энди ўйлаб кўринг, ўз устида ишламайдиган, замондан ортда қолган услублар ёрдамида ўз фаолиятини юритадиган, ҳеч бўлмаса 1 ойда биргина китоб ўқимайдиган тадбиркорнинг бизнеси ривожланмай қолавериши ёки вақт ўтиши билан таназзулга юз тутиши табиий ҳол эмасми?

Кун сайин бизнес қилиш қийинлашиб бормоқда, негаки деярли ҳар бир соҳада рақобат кучаймоқда, ўзгаришлар кузатилмоқда, янгиликлар пайдо бўлмоқда. Шиддат билан ўзгариб бораётган бундай шароитларда муваффақиятга эришиш учун мижозларнинг эҳтиёжларини қондира оладиган, одамларнинг муаммоларини бартараф қиладиган ва шу билан бирга, бунда рақобатчиларни ортда қолдирадиган таклиф бера олиш керак.
Бизнесини муайян босқичга етгандан сўнг ривожлантира олмаётган корхона эгаларида талайгина саволлар бўлиши мумкин. Нима учун ўз фаолиятини мендан кейин бошлаган рақобатчиларим мендан ўзиб кетяпти? Нима учун сотувлар ҳажми тушиб кетяпти? Нега сотувлар ортса ҳам, соф даромад ортмаяпти? Нима қилиш керак?
Куни кеча якунланган Ибраҳим Гулямовнинг «Бизнес Коучинг 14» дастури тингловчилари айнан мана шу ўзларини доимий қийнаб келган саволларга жавоб олишди ва муаммоларининг ечимини аниқлаб, амалий ютуқларга эришишди.

Бизнес Коучинг дастури — тадбиркорлар учун мўлжалланган, 2 ойда бизнесни тизимлаштириш, маркетинг ва сотув механизмларини йўлга қўйиш орқали корхонанинг соф фойдасини оширишга қаратилган дастур. Мисол учун, «Бизнес Коучинг 14» курсини 600га яқин бизнес эгаси битирди. 56 фоиз иштирокчидан олинган маълумотга кўра, уларнинг умумий соф фойдаси 2 ойда 1 400 000 долларга ошди.



















