Ўзбекистон | 17:18 / 22.12.2021
7104
3 дақиқада ўқилади

Тошкент метроси йўловчилари сони 1 йил ичида 1,5 баробарга ошгани маълум қилинди

Метрополитен расмийси Kun.uz мухбири билан суҳбатда метродаги тиқилинчлар юзасидан изоҳ бераркан, кунлик йўловчилар сони 2020 йил сентябрида 380 минг, 2021 йил сентябрида эса 200-220 минг нафарни ташкил этганини маълум қилди. Тиқилинчларни камайтириш учун янги вагонларга эҳтиёж ортган.

Фото: yuz.uz

Охирги вақтларда Тошкент метросида йўловчилар сони кескин ошиб, тиқилинчлар одатий ҳолга айланиб бормоқда. Куннинг тиғиз вақтларида айрим йўловчилар поездга сиғмай қолаётган ҳолатлар ҳам кўпайиб қолди.

Kun.uz мухбири бу масалада “Тошкент метрополитени” ДУК Ҳаракат хизмати бошлиғи Cултон Қодиров билан суҳбатда бўлди.

Масъулнинг сўзларига кўра, ҳозирда метро поездларида бир кунда 400-410 минг нафар йўловчи ташилмоқда. Таққослаш учун, йўловчилар сони сентябрь ойида кунлик 380 минг, 2021 йил январидан май ойигача эса 300-320 минг киши атрофида бўлган.

2020 йил сентябр ойида метро поездларида кунига 200-220 минг нафар йўловчи ташилган экан.

Kun.uz аввалроқ Тошкент метросидаги 59 та поезддан 44 тасининг ишга туширилганига 21 йилдан 40 йилгача вақт ўтгани ҳақида ёзганди. Айни пайтдаги ҳаракат таркибининг (4 вагонли поезд) ёши ўртача 38 ёшни ташкил этяпти.

“Уларнинг ҳаммасини янгилаш керак. Бу йил янги ҳаракат таркиблари сони жами 15тага етказилди. Тирбандликлар камайиши учун поездлар интервали қисқариши керак, бунинг учун эса янги тўрт вагонли метро поездлари олиб келиниши зарур”, дейди метрополитеннинг Ҳаракат хизмати бошлиғи.

Метрода йўловчилар сонининг ошиши охирги йилларда метро бекатлари сони сезиларли кўпайгани билан боғлиқ. 2020 йилгача бекатлар сони жами 29 та эди; икки йил ичида Юнусобод йўналишида 2 та, Тошкент ҳалқа йўлида 7 та, Сергели йўлида 5 та бекат фойдаланишга топширилди. Шу билан жами бекатлар сони 43 тага етди.

Янги бекатлар барпо этилган манзиллар ҳам шаҳарнинг аҳоли гавжум қисмларида жойлашган. Бундан ташқари, келгуси йилларда яна янги бекатлар очилиши кутиляпти.

Султон Қодировнинг сўзларига кўра, 7 бекатли Тошкент ҳалқа йўли очилганида 4 вагонли бешта янги поезд сотиб олинган. Аммо қолган 7 та янги бекат учун аввалдан ҳаракатланиб келган (аксарияти эски бўлган) поездлар қатнайди. Бу ҳам тиқилинч юзага келишига, поездлар етишмаслигига олиб келмоқда.

Аввалроқ берилган маълумотга кўра, 2022 йилда 14 та тўрт вагонли метро поездлари олиб келинади. Шунда поездларнинг умумий сони 80 тага етказилиб, метро поездларининг ўртача ёши 38 ёшдан 26 ёшга қисқартирилади.

2022 йилда, шунингдек, 10 та вагонни капитал таъмирдан чиқариш ҳам режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Тошкент метроси ишга тушганига 45 йил тўлади.

Мавзуга оид