Қишда организмда нималар содир бўлади?
Қорбўрон ўйнаш, қор бола ясаш ва сноубордларда учиш жуда мароқли, бироқ олимларнинг мавсумий касалликлар статистикаси бўйича кузатувлари натижаси у қадар ижобий эмас. Айрим тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одамлар қиш фаслида кўпроқ касал бўлади, йилнинг совуқ даврида ўлим кўрсаткичи ҳам ортади.
Умуман олганда, совуқ ҳақиқатан ҳам хавфли ҳодиса бўлишига қарамай, барига уни айбдор қилиш ярамайди. Айрим мамлакатларда айнан қишда кўпаядиган юрак қон-томир касалликларидан ҳимоя қилишда қалпоқ кийиш ёрдам бера олмаслиги аниқ.
Кўчада ҳаво ҳарорати пасайганда қон босими ва холестерин кўрсаткичи ўсади. Шунинг учун йилнинг совуқ даврида овқатланиш ва тонометр кўрсаткичига айниқса эътиборли бўлиш янада муҳим. Яна қиш ойларида ҳаво намлиги пасаяди: қуруқ ҳаво эса инфекция қўзғатувчиларига майда зарраларга бўлиниш ва ҳавода кўпроқ қолиш имконини беради. Демак, грипп юқтириб олиш хавфи ортади. Хавфни камайтиришда ниқоб тақиш, сув ичиш режими ва ижтимоий масофага амал қилиш ҳамда қўлларни мунтазам ювиб юриш ёрдам беради.
Иммунитетни мустаҳкамлаш ва организмнинг инфекциялардан ҳимояланишига D витамини ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, «қуёш» моддаси кўтарилган қон босими ва холестерин даражасини пасайтириши мумкин. Бу эса совуқ мавсумда айниқса муҳим. Қиш фаслида тез-тез кузатиладиган витамин етишмовчилиги ҳам қандли диабет, қон босими ошиши ва юрак етишмовчилиги хавфи ортиши билан боғлиқ.

D витамини организмга нима учун керак ва у етишмаётганини қандай билиш мумкин?
D витамини соғлом суяклар асоси бўлган кальций организмга сўрилишида ёрдам беради. Мазкур витамин етишмаслиги остеопороз ва рахитга олиб келиши, шунингдек, суяк тўқимаси йўқолиши туфайли синишлар хавфини оширади.
Бундан ташқари, айрим тадқиқотчилар «қуёшли» ёрдамчи дефицитини тери яллиғланиши, шунингдек, депрессия ҳолати пайдо бўлиши ва мавсумий аффектив бузилишлар ривожланиши хавфи билан ҳам боғлашади. Бу унинг сератонин фаоллашувига таъсири билан изоҳланади. Яна шундай маълумотлар борки, уларга кўра, D витамини иммунитет ва мушаклар саломатлигини қўллаб-қувватлайди. Унинг етишмовчилиги эса саратоннинг айрим турлари учун ўлим кўрсаткичи ортиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Айрим кишиларда витамин етишмовчилиги эҳтимоли юқори бўлиши мумкин. Масалан, она сути билан боқиладиган гўдаклар, кексалар, қора танли ва ортиқча вазнли кишилар, шунингдек, сурункали касалликлари бўлганлар хавф гуруҳига киради. Айрим стероид дорилар, масалан, силга қарши препаратлар ва озиш учун воситалар витамин кўрсаткичини пасайтириши мумкин. Қиш фаслида эса витамин етишмовчилиги кўчага кам чиқадиган ва қуёш нурини кам оладиган кишиларда ривожланиши мумкин.










