Шубҳасиз, ХХ асрнинг энг муҳим воқеаларидан бири 69 йил давомида дунёнинг иккинчи қутби сифатида яшаб келган СССРнинг парчаланиб кетиши ҳисобланади. Бу ҳодисани СССРга тобе бўлишни хоҳламай жаҳон ҳамжамиятидаги бошқа давлатлар билан ўзаро тенг ҳуқуқли, мустақил субъект сифатида муносабат ўрнатишни хоҳлайдиганлар улкан қувонч билан, коммунистлар ва КПСС ғояларига содиқлар эса «ҳақиқий зарба ва фожиа» сифатида қабул қилди.
СССРнинг биринчи ва охирги президенти
Кўпчилик СССР парчаланишини 1985 йилнинг 11 март санасида КПСС Марказий Қўмитаси Бош секретарлигига келган 54 ёшли Михаил Горбачёв билан боғлайди.
Унинг сиёсати тарихга «қайта қуриш» номи билан кирди ва вазиятни ўнглаш учун бир қатор ислоҳотлар ўтказишга уринди. 1989 йил 15 февралда СССР қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тугатилиб, бу ҳарбий можарога нуқта қўйилди. Мамлакатда цензура деярли олиб ташланди. Ҳатто 1990 йилда КПССнинг гегемонлигига чек қўйилиб, унга мухолиф бўлган партиялар тузишга ҳам рухсат берилди. Кўппартиявийлик реалликка айланиб улгурди. Уларнинг айримлари КПСС билан рақобатлаша бошлади ва мамлакатдаги сиёсий аҳволнинг мураккаблашувига сабаб бўлаётган социалистик тузумни, КПССнинг давлат ҳокимиятига бўлган монопол ҳуқуқини инкор эта бошлади. Айни пайтда КПССнинг ўзида ҳам 3 оқимга бўлиниш юз беради.
Мамлакатда цензура деярли олиб ташланди. Бироқ булар мавжуд тузумни сақлаб қола олмади. Ана шундай ҳолатда иттифоқдош республикаларда миллий уйғониш ҳаракатлари бошланди. Ҳар бир республикада миллий тил давлат тили деб эълон қилинди. Воқеалар, айниқса 1990 йилдан кейин жуда тезлашиб кетди. Ўша йили нафақат иттифоқдош республикалар, балки уларнинг таркибида бўлган автоном ҳудудларнинг аксарияти ўз мустақиллик декларациясини эълон қилган бўлса, яна бир қисми кенгайтирилган автономия талаби билан чиқди. Шу тариқа СССР сўнгги кунларини яшаётгани аниқ бўла бошлади.
Ўша машҳур «ГКЧП»
Горбачёв иттифоқдош мамлакатлар хоҳлаган вақтида мустақил бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ғояни олға суради. 1990 йилга келиб Болтиқбўйи мамлакатлари Латвия, Литва ҳамда Эстониянинг ўзини СССРдан мустақил давлат деб эълон қилиши эса барчасини янада тезлаштириб юборади. Айни шундай вазиятда машҳур ГКЧП ҳодисаси рўй берди. Бу СССРни сақлаб қолмоқчи бўлганлар томонидан уюштирилган давлат тўнтариши эди. 1991 йилнинг августига келиб вазият жуда мураккаблашиб кетади.
4 август куни Горбачёв Қримга дам олиш учун кетади ва қайтиб келганидан сўнг «Мустақил Республикалар Иттифоқи» ҳақидаги шартнома имзоланиши керак эди. Бунга чидаб тура олмаган СССР вице-президенти Геннадий Янаев ҳамда КГБ раиси Владимир Крючков раҳбарлигидаги гуруҳ Горбачёв таътилда эканидан фойдаланиб мамлакатда ГКЧП, фавқулодда ҳолат эълон қилишади. Халққа ўқиб эшиттирилган баёнотда Михаил Горбачёв саломатлиги ёмонлашгани учун ўз вазифасини бажара олмаслиги, шу сабаб мамлакатни 6 ой давомида 8 кишидан иборат кенгаш бошқариши, ярим йилдан сўнг эса сайловлар ўтказилиши маълум қилинади. Мамлакат ҳудудидаги ГКЧП манфаатига хизмат қилмайдиган барча нашрлар вақтинча фаолиятини тўхтатади. Ишлаётган бошқа нашрлар ҳам қаттиқ цензурага олинади, компартиядан бошқа қолган барча партиялар фаолияти чекланади. ГКЧП мамлакат назоратини қўлга олишни пойтахт Москвадан бошлайди. Ана шундай бир вазиятда Борис Ельцин катта саҳнага чиқади ва ГКЧПнинг ҳаракатларини конституцияга зид деб атайди ва содир бўлаётган воқеалар давлат тўнтаришидан бошқа нарса эмаслигини маълум қилади. Ельциннинг мурожаатидан кейин Москвада 200 мингдан ортиқ, Петербургда 400 мингдан ортиқ одам марказий майдонларга чиқиб ГКЧПга қарши намойишларда қатнашади. 20 августдан 21 августга ўтар кечаси Москвада ГКЧПга бўйсунувчи аскарлар ҳамда Оқ уй ҳимоясидаги кўнгиллилар ўртасида тўқнашув содир бўлади. 21 август тонгида СССР мудофаа вазири Язов Москвадаги барча қўшин ва техникаларни шаҳардан олиб чиқишга буйруқ беради. Бу ГКЧП тугагани ва амалда СССРни сақлаб қолиш имконсиз эканини кўрсатарди. Шу тариқа, СССРни сақлаб қолиш учун тузилган ГКЧП 3 кун ўтиб барбод бўлади.
















