Йил воқеаси

Бир қарашда, 2021 йил Ўзбекистон ҳаётида яққол эсда қоладиган катта воқеа рўй бермагандек. Сиёсий жиҳатдан олганда, Шавкат Мирзиёев иккинчи президентлик муддатига сайлангани ва Конституция янгиланишини эълон қилгани – йилнинг асосий воқеаси. Лекин албатта, амалдаги давлат раҳбарининг сайловдаги ғалабасини тахмин қилиш мумкин эди, “Йил воқеаси” номинациясига эса қандайдир кутилмаган ва ҳайратланарли воқеа-ҳодиса кўпроқ мос келади.

Ана шундай воқеа июл ойида рўй берди. Олмалиқда топилган олтин ва мис конлари дунёдаги энг йириги экани маълум бўлди.

Олмалиқдаги “Ёшлик-1” кони / Фото: Президент матбуот хизмати

Тасдиқланган ҳисоб-китобларга кўра, “Ёшлик – 1” конидаги олтин захираси 5 минг тоннадан ошади. Таққослаш учун, дунёдаги энг катта олтин кони – Навоий вилоятидаги Мурунтов конида олтин захиралари 3 минг тонна экани ҳисобланган.

Олмалиқдаги бемисл хазина фақат олтиндан иборат эмас. “Ёшлик – 1” конида 45 млн тонна мис захираси ҳам бор. Бу нега муҳим деган саволга энг қисқа жавоб: дунёда мисга бўлган талаб борган сари ошяпти. Бу рангли металл – электротехника саноатининг биринчи рақамли эҳтиёжи, яримўтказгичлар ишлаб чиқаришдаги асосий хомашё. Жаҳонда электромобиллар оммалашаётгани сабаб мис нархи кўтариляпти.

Ҳозир жаҳон бозорида 1 унция олтин 1800 доллар, 1 тонна мис 9500 доллар атрофида эканини инобатга олсак, Олмалиқдаги янги конда 317 млрд долларлик олтин ва 427 млрд долларлик мис бор. Иккаласини қўшганда хазинанинг жами ҳажми келиб чиқади: 744 млрд доллар.

Тасаввур қилишингиз учун бу – ҳозирги Ўзбекистоннинг 13 йиллик ялпи ички маҳсулотига тенг. Ҳар бир ўзбекистонликка эса 21 минг доллардан тўғри келади. Бу ҳеч қанақа муболағасиз, том маънода йилнинг энг асосий воқеаси шундай эмасми?

Йил муаммоси

Бу номинацияга номзодлар кўп. Газ, свет, сув, бензин нархи, UzAuto монополияси... Биласизми, булар қанчалик жиддий муаммо бўлмасин, уларни ҳал қилиш унчалик қийинмас, биттагина ҳужжатни имзолашнинг ўзи етарли бўлиши мумкин. Лекин 2021 йилда биз рўпара келган муаммолардан энг каттасини осонликча ҳал қилиб бўлмайди: бу – экология муаммоси.