Ўзбекистон ичида турли хавотир ва баҳсларга сабаб бўлаётган Евросиё иқтисодий иттифоқи аслида қандай ташкилот?

Фарҳод Толипов: Евросиё иқтисодий иттифоқи номли ташкилот Собиқ совет маконидаги антиқа бир ташкилот бўлиб чиқди.

Мен ЕОИИ ҳақида гапиришдан аввал ундан амалда бўлган бошқа бир ташкилот – «ЕврАзЭс» ҳақида гапирмоқчиман. Чунки ўша ташкилотга ҳам ҳозир ЕОИИга кирган деярли барча давлатлар аъзо эди.

Ўзбекистон ҳам жумладан, 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин «ЕврАзЭс»га аъзо бўлиб кирган. Аммо 2008 йилда ўзининг расмий қарори билан бу ташкилотдан чиқиб кетган.

Мен суҳбат бошидаги бу маълумотларни эслаб қолишни маслаҳат бераман. Чунки бизда ЕОИИга деярли ўхшаш ташкилотга аъзолик бўйича тажриба бор ва биз ундан чиқиб кетганмиз.

Бугунги ЕОИИ эса ўша «ЕврАзЭс»нинг «маҳсулоти», «боласи».

ЕОИИ — бир қараганда ўз номи билан иқтисодий бирлашма ва умумий иқтисодий манфаатларни кўзлаган давлатлар унга аъзо бўлади. Биламиз, бугун бу ташкилотга Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлар аъзо ҳисобланади.

Фарҳод Толипов

2015 йилда тузилган бу ташкилот бугун 7 ёшга тўлди. Мен ўтган вақтдаги ўз шахсий кузатувларимдан келиб чиқиб айта оламанки, ЕОИИ – иқтисодий мақсадлардан кўра кўпроқ геосиёсий мақсадларни кўзлаган ташкилот.

Унинг таркибида фақат ягона бир қудратли давлат мавжуд, бу – Россия Федерацияси. Қолган давлатлар эса бу ташкилотда кўринмас, паст, заиф ва тобе даражадаги аъзо сифатида иштирок этади.

Демак, барчасини жамлаб хулоса қилинса, ЕОИИ – нотенглар ташкилоти. Яъни у нодемократик ташкилот.

Бугун дунёда тузилаётган ҳар қандай ташкилот асосига қарасангиз, унда демократик тамойиллар устун бўлади. Унга аъзолар эса ўзини қисилган, заиф ва тобе ҳис қилмайди. Кичик давлатларда ҳам катталарни тийиб туриш тамойиллари ишлайди. Евросиё иқтисодий иттифоқида эса ҳамма манфаатлар фақат биргина давлат манфаатига хизмат қилади.