13 январь куни янги ташкил этилган Мудофаани бошқариш миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучлар қўмондонлик таркиби, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистонда Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни арафасида ўтказилиши анъанага айланди. Бу йил Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги нишонланмоқда. Давлат раҳбари мажлис аввалида ушбу қутлуғ байрам билан барча ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини табриклади.
Йиғилишда Қуролли Кучлар тизими ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2021 йилги фаолияти якунлари таҳлил қилиниб, галдаги устувор вазифалар белгиланди.

Қайд этилишича, охирги беш йилда ҳарбий қурилишнинг барча йўналишларида амалга оширилган комплекс чоралар натижасида миллий армия қиёфаси ҳам, қўшинларнинг тайёргарлик даражаси ҳам ўзгарди. Ҳарбий қисм ва полигонлардаги инфратузилма, аскар ва офицерларнинг шароитлари яхшиланди. 2021 йилда халқаро армия ўйинларида ўзбекистонлик ҳарбийлар фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Бу ишлар изчил давом эттирилиб, жанговар бўлинмалар имкониятлари кенгайтирилмоқда. Давлат чегаралари хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизими амалиётга жорий қилинмоқда.
Шавкат Мирзиёев йиғилишда аввало кадрлар тайёрлаш, илғор услубларни оммалаштириш масалаларига эътибор қаратди. Ҳарбий ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, Қуролли Кучлар Академиясини ҳарбий илм-фан даргоҳига айлантириш зарурлиги таъкидланди. Яқинда иш бошлаган Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институтини ҳарбий таълим ва илмий фаолият тизимига самарали интеграция қилиш топшириғи берилди.






















