Ўзбекистон | 00:27 / 16.01.2022
21844
4 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокимлиги кесилган дарахтлар “ўз жойида тургани”ни айтиб баёнот берди

Kun.uz ёритган ҳолатда шифохона ҳовлисидаги ўндан ортиқ дарахт кесилмаган, ўз жойида турибди, дея иддао қилди Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати (кейинроқ расмий муносабатнинг бу қисми ўчирилди). Экология қўмитаси воқеани тунда содир этилган мудҳиш ҳуқуқбузарлик деб атади.

Фото: Kun.uz

Андижон вилояти ҳокимлиги вилоят перинатал маркази ҳовлисида ўндан ортиқ дарахт кесиб ташланганига муносабат билдирди.

Ҳокимлик шифохона ҳудудида “кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари” кетаётгани, ҳудудга 180 дан ортиқ манзарали дарахт ва кўчатлар экилаётганини қайд этган.

“Ҳудуддаги дарахтлар ўз жойида турганлиги ҳамда ҳеч ким уни кесиб ташлаш тўғрисидаги буйруғини бермаганлигини маълум қиламиз”, дейилади расмий изоҳда. Айни пайтда бу абзацдан дарахтлар гўёки ўз жойида тургани ҳақидаги қисми ўчирилган.

Ҳокимлик ҳолат алоҳида назоратга олингани, “қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилиши”ни қўшимча қилган.

Воқеа тафсилотлари

Kun.uz мухбири воқеа жойидан хабар берганидек, Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп нинабаргли сосна дарахтлари 16 январга ўтар кечаси кесиб ташланган. Марказ ходимларидан бири Kun.uz билан суҳбатда дарахтларни кесиш вилоят ҳокимининг топшириғи эканини айтди.

Шифохона ходимининг айтишича, 15 январ куни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят перинатал марказига келган ва марказнинг қурилаётган янги биноси билан танишган. Шундан сўнг, манбага кўра, марказ олдини очиш учун дарахтларни кесиш бўйича топшириқ берган.

Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари топшириқни шу куннинг ўзида бажарди. Дарахт кесиш ишлари, охирги пайтларда одатга айланиб бораётган бир ҳолда, яъни кечаси амалга оширилди.

Дарахтларни кесиб, перинатал маркази ҳовлисидан олиб чиқиб кетаётган ободонлаштириш бўлими юк машинасининг давлат рақамлари йўқ эди. Бўлим ходимлари Kun.uz мухбирининг саволига жавобан автомашина янги экани, ҳали давлат рақами олишга улгуришмаганини айтишди. Аммо машина янгига ўхшамасди.

Кесилган дарахтларда касалланиш аломатлари кўзга ташланмайди. Улар 4 метрдан саржин қилиниб кесиб тахланган. Kun.uz мухбирига ўзини Акбар деб таништирган ободонлаштириш бўлими ходими саволларга жавоб бермасдан, у ердан кетиб қолди.

Экология қўмитаси муносабати

Экология қўмитаси берган изоҳга кўра, мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесиш учун экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган.

Фото: Экология қўмитаси

“Мазкур қурилиш объекти Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, ташкилот раҳбарияти томонидан унинг ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган. Лекин ушбу мурожаат натижасини кутмасдан қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан бугун тунда ушбу мудҳиш ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган.

Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда. Мазкур қонунбузарлик ҳолати натижалари бўйича қўшимча ахборот бериб борилади”, – дейилади орган баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан, Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши белгиланган эди. Фармонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланиши ҳам кўзда тутилган.

Мавзуга оид