UzAuto Motors’га савол: Автомагнитоласиз «Cobalt»ни техник соз деб аташ мумкинми?
Томдан тараша тушгандек ҳайратланарли қарорлари билан ажаблантирадиган UzAuto Motors навбатдаги сюрпризи билан халқни «сийлади». 19 январга қадар имзоланган шартномалар бўйича «Chevrolet Lacetti» ва «Cobalt» автомашиналари эгаларига автомагнитоласиз етказиб берилар экан.
«Микрочиплар танқислиги UzAuto Motors компанияси учун ягона бўлган GM сертификатига эга автомагнитола ишлаб чиқарувчи «Humax» корхонасини ҳам четлаб ўтмади. Корея ишлаб чиқарувчиси автомагнитолани етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатганлиги ҳақида расмий хат билан мурожаат қилди», дейилади компания расмий тушунтиришида.
Автомонополистимизнинг бу қарори қандай оқибатлар келтириб чиқаришини кўриб чиқамиз.
Гап «Chevrolet Lacetti» ҳақида эмас. Илк прототипи 1982 йилда ясалган ушбу автомашинага отам замонида ишлаб чиқарилган кассетали автомагнитола қўйилса ҳам ишлаб кетаверади ва унинг автомобилнинг бошқа қисмларига таъсири йўқ ҳисоби.
100 фоиз компьютер орқали бошқариладиган, нисбатан янги модел бўлган «Cobalt» автомашинасида «автомагнитоласизлик» қандай оқибатлар келтириб чиқариши ҳақида гаплашамиз.
Лирик чекиниш: мен «Cobalt» автомашинасига эгаман. Олдинги машинам ҳам «Cobalt» эди. Ўзбек автоишлабчиқарувчисининг бармоқ билан санарли таклифлари ичидан шу машинага меҳрим тушган. Унинг салонида ўзимни бемалол ҳис қиламан, боз устига у 100 фоиз компьютер ёрдамида бошқарилиши туфайли бошқа гаджетлар билан осонгина интеграция қилинади.
Лекин бу машинани яратган бразилияликлар ота-бобоси кетмон ясаб юрган ўзбек машинасозлари «Cobalt»ни магнитофонсиз чиқариши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмаган бўлса керак. Йўқса қандайдир «B» вариант учун жой қолдирилган бўларди.
Гап шундаки, «Cobalt»нинг магнитоласи шунчаки магнитола эмас, у муҳим ахборотлар берувчи ва алмашинувчи қурилма ҳам. Масалан, соат, ташқаридаги ҳаво ҳарорати автомагнитола мониторида акс этади. Энг ҳайратланарлиси, машиналарнинг авариявий ва бурилиш чироқлари ишлатилганда, унинг овози салонга магнитола орқали овоз карнайларига узатилади.
Яна бир муҳим жиҳати — автомобиль пульти орқали бошқариладиган кўплаб созламалар ҳам айнан машинанинг автомагнитоласи орқали менюга кириб ўзгартирилади. Мана шунақа аломат машина «Cobalt».
Қўпол қилиб айтганда, UzAuto Motors «Cobalt»ни жуда «миясиз» бўлмаса ҳам, «орқа миясиз» ишлаб чиқаришга жазм этмоқда. Иложсиз ўзбек харидори олаверади. Қаёққа ҳам борарди?! Монополия деганлари мана шунақа бешафқат бўлади.
Кимдир эслар, аввал ҳам «Cobalt»нинг магнитоласиз варианти ишлаб чиқарилган. Авваллари UzAuto Motors машиналари ички ва ташқи бозор учун алоҳида комплектацияларда ишлаб чиқариларди.
2013 йилда Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинган халқ тилида «евровариант» деб аталувчи машиналарнинг оддий комплектациясида автомагнитола бўлмаган.
Ўшанда Ўзбекистоннинг ички бозори учун барча комплектациясида автомагнитолалар бўлган. Бироқ, блутус гарнитурасиз. Россияга экспорт қилинган люкс комплектацияларда эса блутус гарнитура ҳам бўлган.
Кейинчалик ички бозорда ишлаб чиқарилаётган машиналардаги автомагнитолалар ҳам блутуслик қилинди. Майли, гап бунда эмас.
2013-йилларда Россияга экспорт қилинган, оддий комплектациядаги автомагнитоласиз машиналарда соат ва ҳаво ҳарорати кўрсаткичи тезлик прибор панелида акс этган. Бурилиш чироқлари ишлаётганини билдирувчи чиққилловчи овоз ҳам прибор панелда бўлган.
Узоқ техник характеристикаларни келтирдим. Буларни ёзишдан мурод нима?
Энди ҳозир «Cobalt» магнитоласиз қандай ишлатилади? Майли, соат, ҳарорат кўрсаткичисиз ҳайдовчиларга унчалик шарт эмасдир (аслида шарт). Лекин UzAuto Motors етказиб беришни бошлаган автомагнитоласиз машиналарда бурилиш ва авариявий чироқларнинг овозини салонга нима чиқариб беради? Ёки silent режимга кўникиши керакми шўрлик ҳайдовчилар?
Бундан ташқари, автомагнитола зиммасига юкланган, машинанинг кўплаб созламаларини бошқариш функцияси нима бўлади?
Ахир, бозордан сотиб олинадиган бошқа автомагнитола бу вазифани бажара олмаслиги кундек равшан. Суриштирдим, «Cobalt»га бошқа автомагнитола ёки монитор ўрнатганларни айнан шу муаммо қийнамоқда.
Ёки ўша 2013-йилларда автомагнитоласиз автомашиналарда қўлланган техник ечимлар яна қўлланадими? Яъни чироқ овози прибор панелга кўчириладими? Ёки ўша Россияга экспорт қилинган «Евро-1 простой» «Cobalt»ларда ишлатилган прибор панеллар яна қўлланадими? Шахсан мен бунга ишонмайман. UzAuto Motors’да кимдир шуни ўйлаб кўрганига ҳам ишонмайман.
Магнитоласиз автомобил харидорларига икки вариант таклиф этилган: 1) Харидор машинасини салондан олади, магнитолани эса бозордан ўзи сотиб олади. Компания магнитола ва уни ўрнатиш харажатларини қоплаб беради. Қоплаб бериладиган сумма чегараси кўрсатилмаган. 2) Харидор машинасини салондан олади ва магнитоласиз миниб юради. Қачон UzAuto Motors’га бу қурилма етиб келса, ўшанда бепул ўрнаттиради. Лекин у қачон етиб келиши мутлақо номаълум.
Азалдан биламизки, кафолат даврида UzAuto Motors автомобилларига газ ускунаси, бошқачароқ пульт ўрнатиш завод кафолатини автоматик тарзда йўққа чиқаради. Магнитоласиз автомобилларга магнитола ўрнатиш-чи, кафолатни сақлаб қоладими?
Хўп, ҳеч қандай чора кўрилмасдан машиналар сотувга чиқарилар экан, бундай автомобилларни техник соз деб бўладими?! Бурилиш чироғи ёниқ қолган, лекин салондаги ҳайдовчи бундан бехабар бўлса бу йўлларда бошқа ҳаракат қатнашчиларини чалғитмайдими?!
Хуллас, пешонамизга битган монополист UzAuto Motors’дан масаланинг бу ёғига ҳам аниқ-тиниқ ва тайинли жавоб кутамиз. Иложи бўлса, видеотасвир ёрдамида харидор-истеъмолчиларга тушунарли йўриқнома-кўрсатув тарзида бўлса янада яхши бўларди. Ҳамма қараб турибди. Харидорлар, ИИВ ДЙҲХХ ва Антимонополия қўмитасидаги акалар-опалар ҳам.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
18:27 / 31.10.2024
Янги Cobalt Midnight 7,3 миллион сўм қимматроқ бўлади
13:29 / 14.10.2024
2024 йилнинг 9 ойида UzAuto Motorsʼнинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 89 фоизни ташкил қилди
15:10 / 05.10.2024
Тошкентда Cobalt ва Changan тўқнашди
21:53 / 26.09.2024