Ўзбекистон | 10:06 / 21.01.2022
4389
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистонда қарийб 5 млрд долларлик 25 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этади

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Жорий йил 18 январь куни Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли бошчилигидаги банк делегациясининг Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудий бошқарув, ижтимоий соҳа вакиллари, тадбиркорлар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан онлайн учрашувлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига кўра, томонлар Жаҳон банкининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини муҳокама қилган.

Учрашувларда Жаҳон банки гуруҳининг 2016–2021-молиявий йиллардаги Ўзбекистон билан ҳамкорлик дастурини амалга ошириш натижалари, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури портфели (1 январь ҳолатига кўра, умумий қиймати қарийб 5 млрд доллар миқдоридаги 25 та лойиҳа), янги ҳамкорлик дастурини шакллантиришда асосий йўналишлар бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Жаҳон банкининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини муҳокама этиш мақсадида Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 ноябрдаги фармойишига мувофиқ, Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини тайёрлаш, уни мамлакат тараққиёт стратегияси билан уйғунлаштириш мақсадида ҳамкорликнинг 10 устувор йўналишида 10 та ишчи гуруҳ шакллантирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид