СССР «тахт»ига Михаил Горбачёв келгач, жиноятчилик ҳам авж олади. Мамлакат бўйлаб бир-бирини тан олмайдиган турли жиноий тўдалар урчиб кетади. Қотилликлар кўпаяди. Айниқса 1989-90 йилларда ҳолат жуда оғирлашади. Милиция жиноятчиларга қарши курашолмай қолади ва улар ошкора ҳаракат қилишга ўтади.

Ана шундай жиноятчилардан бири ашаддий қотил Сергей (Али) Мадуев эди.

Фото: cleancopy.ru

Сергей Мадуев 1988-1990 йиллар оралиғида кўплаб талончиликлар ва қотилликлар қилади. Тошкентда содир этган навбатдаги талончиликдан кейин уни тутиб олишади. Сўнг Ленинграддаги тергов изоляторига (СИЗО) жойлаштиришади.

Мадуевга бир нечта қотилликлар учун ўлим жазоси беришлари аниқ эди. Оғир ҳолатга тушган Сергей ўзини сўроқ қилаётган терговчи аёлга севги изҳор қилади ва ашаддий қотил эмаслигига уни ишонтиради. Сўнг у билан ишқий муносабатларда бўлиб, аёл ёрдамида қочиб кетишга уринади. Ўз даврида бу иш собиқ иттифоқ бўйлаб катта шов-шувларни келтириб чиқарган ва у ҳақда 1993 йилда фильм ҳам ишлашганди.

Қамоқхонада туғилган жиноятчи

Сергей Мадуевнинг отаси чечен, онаси корейс бўлиб, иккаласи ҳам Сталин даврида Қозоғистонга депортация қилинган эди. Улар қамоқхонада танишиб, оила қуришади ва 1956 йилда Сергей ўша ерда туғилади. Унинг гўдаклиги ота-онасининг ёнида, тиканли симлар ортида ўтади.

Сергей 6 ёшга тўлганда отаси уйдан кетиб қолади. Онаси эса ичкиликка ружу қўйиб, турли эркаклар билан енгил-елпи ҳаёт кечира бошлайди. Ана шунда Сергей уйдан чиқиб кетади ва маҳаллий ўғрилар сафига бориб қўшилади.

1974 йилда, 18 ёшида у ўғирлик учун олти йилга қамалади. Озодликка чиққач, 10 ой ўтиб, колхоз кассасидан 50 минг рубл ўмариб, у яна қўлга тушади. Ўша пайтда бу жуда катта пул эди. Шу сабабли Сергейни бу сафар 15 йилга қамашади.

Қонида чечен қони оқаётган йигит қамоқхонада тез ҳурмат қозонади. У ўзини «қонундаги ўғри» деб эълон қилади ва қамоқхонадаги «кўзир»ларга бўйсунишдан бош тортади. Шу тариқа унинг қамоқдаги ҳаёти ҳам тинч кечмайди.

1988 йилда, озод бўлишига бир йил қолганда у манзил колониядан қочиб кетади. Сергейни қидирувга беришади. Аммо у тутқич бермайди. Қолаверса, бу пайтда милиция жиноятчиларга қарши мутлақо кураша олмай қолганди. Шу сабабли Сергей Мадуев шериги Роман Чернишев билан бутун мамлакат бўйлаб — Сибирдан то Москвагача «гастрол»да юриб, кўплаб талончиликлар ва қотилликлар содир этади.