Жамият | 17:46 / 23.01.2022
14975
10 дақиқада ўқилади

Мусулмонлар идораси Умра-2022 сафарини ташкил этишда нега арзонроқ нарх таклиф этган ширкат танланмаганига изоҳ берди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Kun.uz сайтида Умра-2022 сафарини ташкил этиш бўйича тендер натижаси асосида тайёрланган мақолага муносабат билдирди.

«Ўзбекистонликлар учун Умра-2022 арзонроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо...» сарлавҳали мақолада «Умра-2022» сафарини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланган «Абу Сарҳад» ширкати ҳақида сўз боради. Бундан ташқари, ушбу сафарни ташкил этиш истагини билдирган «Manazel Al-Mukhtara Trading Co» ширкатлар гуруҳи илгари сурган таклифлар очиқланиб, Мусулмонлар идорасига қуйидаги саволлар йўлланган эди:

  1. 2022 йил учун Ҳаж ва Умра сафарларини ташкил этиш бўйича ҳамкор компанияни танлаб олиш учун тендер қандай тартибда ўтказилди?
  2. Тендер ўтказилиши ҳақида қайси платформада эълон қилинган? ОАВда-чи?
  3. Тендерда иштирок этишни истаган ширкат қай тартибда, қайси идорага мурожаат қилган?
  4. Тендерда иштирок этиш истагини билдирган ширкатлар қай тартибда сараланган?
  5. Тендер ғолиби қайси асосларга кўра ғолиб деб эътироф этилган?
  6. Умра-2022 сафарини ташкил этиш тендерида нечта ширкат қатнашиш истагини билдириб, таклиф йўллаган?
  7. Уларнинг номлари ва лицензия рақамлари ҳақида маълумотлар тақдим этишингизни сўраймиз.
  8. Тендерда «Абу Сарҳад» транспорт-логистика компанияси танлаб олингани маълум. Унинг Ҳаж-Умра сафарларини ташкил этишдаги имкониятлари ҳақида маълумотлар берсангиз;
  9. Унинг бошқарувида ёки хусусий мулкида қанча меҳмонхона ва катеринг хизматлари мавжуд?
  10. «Абу Сарҳад» компаниясининг тендердаги таклифларини очиқласангиз.
  11. «Manazel Al-Mukhtara Trading Co» тендерда қатнашиш учун қандай таклифлар берган?
  12. «Manazel Al-Mukhtara Trading Co»нинг танлов ғолиби деб топилмаслиги сабабларига изоҳ берсангиз.

Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабат эълон қилди. Унда «Абу Сарҳад» компанияси сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда каналлари ҳаволалари келтирилган. Маълум қилинишича, «Abu Sarhad» ширкати Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг ҳаж ва умра зиёратлари хизматларини кўрсатиш учун лицензия олган ширкатлар рўйхатида мавжуд, «Manazel Al-Mukhtara Trading Co» эса бу рўйхатда йўқ.

Қуйида Мусулмонлар идораси муносабати матни тўлиқ келтирилади.

«Шу йил 22 январь куни илк ўзбекистонлик зиёратчилар икки йиллик танаффусдан сўнг умра ибодати учун Саудия Арабистони Подшоҳлигига етиб бордилар. Мураккаб вазиятга қарамай юртимиз мўмин-мусулмонлари шундай улуғ неъматга етишганлари боисидан бутун диёримиз шодликка тўлди.

Таассуфки, халқимиз мана шундай хурсанчиликни нишонлаётган бир паллада Kun.uz таҳририяти мухбири томонидан масалани чуқур ўрганмай, иккинчи томон жавобига сабр қилмай эълон қилинган бирёқлама маълумотлар халқимизни ҳақиқий воқеликдан чалғитишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси умра масаласидаги аввалги баёнотларида ҳам қайд этганидек, умра сафарини ташкил қилиш бўйича Саудиядаги бир неча ширкатлар имкониятлари ўрганилди. Энг аввало, Ҳаж ва умра вазирлиги талабига асосан умра хизматларини кўрсатиш бўйича подшоҳликда амалдаги қонунчиликка тўла мос келадиган лицензияга эга бўлган ширкат бўлишига катта эътибор қаратилди. Кенг қамровли ўрганишлар натижаларида, Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ширкати ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун муносиб, деб топилди.

Ушбу ширкатни танлашда қуйидаги асослар, имкониятлар ва тажрибаларга таянилди:

  • «Abu Sarhad» ширкати Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазирлигининг ҳаж ва умра зиёратлари хизматларини кўрсатиш учун лицензия олган ширкатлар рўйхатида мавжуддир!
  • Тақдим этилган маълумотларга кўра, ширкат ташкил этилганига 40 йил бўлган. «Abu Sarhad Group» раҳбари Носир бин Aбдуллоҳ Aбу Сарҳад, умра шуъбаси раҳбари Саид Умар Баҳашван ва масъул ходимлари умра хизматларини кўрсатишда 20 йиллик тажрибага эга;
  • 2020-2021 йиллардаги пандемия давридаги ҳаж мавсумида 1500 нафарга яқин маҳаллий ҳожиларга хизмат кўрсатган;
  • Араб давлатлари, Нигерия, Туркия, АҚШ, Канада, Туркия, БАА, Италия, Жанубий-Ғарбий ва Марказий Осиё давлатлари зиёратчиларига умра хизматларини кўрсатган;
  • «Abu Sarhad Group» таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари учун замонавий кейтеринг хизматлари компанияси фаолият кўрсатади. Йилига 3 миллион дона қадоқланган озиқ-овқат, яна шунча салқин ичимлик тайёрлаш қувватига эга;
  • «Abu Sarhad Group» таркибида штат бўйича жами 35 000 ходим мавжуд. Шундан 250 нафари Умра тадбири (автобус, кейтеринг, озиқ-овқат, ер усти хизматлари)га жалб қилинган;
  • 950 енгил автомобил, 15 тез тиббий ёрдам автомобили, 350 та микроавтобус, 8 минг атрофида автобус (шундан 1400 таси 2022 йил модели), юқори даражадаги делегацияларни Саудия Арабистонида қабул қилиш ва олиб юриш учун премиум тоифадаги 25 енгил автомобил мавжуд;
  • 10 кунлик умра дастури, Мадина шаҳрида 5 юлдузли («Масжид ун-Набавий» билан 50 метр масофада) «Пуллман Замзам» меҳмонхонаси, Маккада 5 юлдузли («Ал-Ҳарам» масжидига 150 метр) «Ҳилтон-Макка-Конвеншн» меҳмонхонаси хизмат қилади. Ҳар икки меҳмонхона дунёнинг етакчи меҳмонхоналар тизимига мансубдир;
  • Ҳар бир зиёратчи учун совға (термос, сумка, тўшак, соябон ва ҳ.к) берилади. Ватанга қайтишда Зам-зам суви, хурмо ва жойнамоз туҳфа этилади.

Мана шундай имкониятларнинг амалдаги исботи сифатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан сайт ва ижтимоий тармоқларда мақолалар ва видеороликлар эълон қилинди.

Аввалги баёнотларимизда, ижтимоий тармоқларда нисбатан мақбулроқ ва арзонроқ таклифлар билан чиқаётган баъзи ширкатлар тегишли талабларга жавоб бермасликлари ҳақида мўмин-мусулмонлик жиҳатидан мухтасар тўхталиш билан кифояланган эдик. Бироқ, мавжуд вазият, мўмин-мусулмонларга ҳақиқатни маълум қилиш, айниқса, «Manazel Al-Mukhtara Trading Co» ширкати номидан елиб-югураётган биродарларнинг хатти-ҳаракатлари мазкур ширкат танланмаганининг сабаблари ва омилларини ошкор этишга мажбур қилди:

«Manazel Al-Mukhtara Trading Co» ширкати Ҳаж ва умра вазирлигининг умра ибодати учун лицензия олган ширкатлар рўйхатида мавжуд эмас!

2018 йилда компания Ҳаж ва умра вазирлигидан умра зиёрати хизматини амалга ошириш учун лицензия олган. Бироқ, 2020 йил июнь ойида ушбу лицензия маълум сабабларга кўра бекор қилинган. Шу боис, айни кунларда ушбу ширкат ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиши тақиқланган.

Ширкат вакилининг танишига тегишли «Ториқ Марзуқи Ал-Матрафи» умра хизмати ширкати орқали ўзбекистонлик фуқароларга умра-виза расмийлаштириш ва хизматлар кўрсатиш таклиф этилган. Лекин, ушбу таклиф асосида умра хизматларини кўрсатиш Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан тасдиқланган ва амалиётга жорий этилган «1443 ҳижрий йил умра мавсум қоидалари ва иш механизмлари» тўғрисидаги Йўриқноманинг 2-бўлими 4-банди билан қатъий тақиқланган. Бу ҳақда мазкур ширкат вакилларига қайта-қайта тушунтирилган.

Ширкат 2012 йилда Саудия Арабистони Савдо вазирлиги томонидан «Турар жой биноларининг умумий қурилиши» ва «Мактаблар, шифохоналар, меҳмонхоналар каби нотурар жойлар қурилиши» йўналиши учун лицензия берилган. Ширкат 2016 йилда Савдо вазирлиги томонидан «Озиқ-овқат хизматларини кўрсатувчи умумий овқатланиш фаолияти»ни амалга ошириш учун олган лицензиясининг амал қилиш муддати 2020 йилда тугаган.

Мана шу каби сабаблар ва омилларга кўра, «Manazel Al-Mukhtara Trading Co» ширкати танланмади. Энг зарур ва муҳим ҳужжатларга эга бўлмагандан кейин бундай ширкатнинг ҳар қандай таклифлари кучга эга бўлмайди!

Шундай бўлса-да, «Manazel Al-Mukhtara Trading Co» ширкати меҳмонхона хизматларини кўрсатиш каби фаолият турларини олиб боришини тушунган ҳолда келгусида умра хизматлари учун ҳам тегишли лицензияга эга бўлиши ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ишларида Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тилаймиз.

Kun.uz таҳририяти мухбири мазкур мавзудаги ўз чиқишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси шаънига нисбатан айтган сўзлари дуруст бўлмади. Аниқроқ таъкидлайдиган бўлсак, «Manazel Al-Mukhtara Trading Co» подшоҳликда амалда бўлган умра хизмати кўрсатишга оид лицензияга эга эмаслигини яна бир бор таъкидлаймиз. «Ториқ Мазруқи Ал-Матрафи» ширкати эса мазкур ширкат номидан хизмат кўрсатиши қайд этганимиздек, қонунан тақиқланган.

Шунингдек, ушбу мухбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси шартнома имзолаган «Abu Sarhad» ширкати ҳақида ҳам турли асоссиз маълумотларни баён этгани журналистик этикасига тўғри келмаслигини алоҳида таъкидлаймиз. Масалан, ширкатнинг сайти йўқ деб иддао қилди. Лекин ширкатнинг расмий интернет сайти инновацион хизматлар билан фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғида юқори сифат ва замонавий хизматларни ўз ичига олган саҳифаси фаол ишламоқда. Бундан ташқари, Instagram, Twitter, Telegram каби тармоқларга ҳам эгалигини билиб олиш керак.

Тўғриси, Kun.uz таҳририяти мухбири шунча асоссиз маълумотларни кенг оммага эълон қилиш ва асл вазиятдан мўмин-мусулмонларни чалғитишга нима туртки бўлганини тушунмадик. Лекин, бизнинг мақсадимиз – икки йилдан бери орзиқиб кутган ҳамюртларимиз Икки Ҳарами Шариф зиёратига етишсин, табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини фақат тоат-у ибодатга сарфласин ва фикр-у хаёли дуо-илтижода бўлсин!

Мазкур масалада уч марта муносабат билдирдик, бошқа бу мавзуга қайтиш ниятимиз йўқ, ҳолат қанақа эканини зиёратчиларнинг ўзларидан билиб олишни тавсия этамиз», дейилади муносабатда.

Kun.uz журналисти ушбу муносабатда келтирилган ҳаволалар ва маълумотлар бўйича янги ўрганишларини олиб бормоқда. Тез орада натижалар эълон қилинади.

Мавзуга оид