Бошсиз ва қўлсиз мурда
2000 йил 27 сентябр куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Наврўз” ширкат хўжалиги ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан 40-50 ёшлардаги номаълум аёл кишининг мурдаси топилди. Мурданинг ноодатийлиги шунда эдики, унинг боши ва иккала қўли мавжуд эмас эди.
Ҳодиса жойи Зангиота тумани ва Тошкент вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари, криминалист прокурор ва суд-тиббий экспертлардан иборат махсус тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилди.
Ҳолат юзасидан ЖК 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди.
Кейинчалик жиноят иши бўйича тергов Бош прокуратурага ўтказилди.
Дастлаб, аёлнинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилди. Экспертиза марҳумнинг рус миллатига мансублигини қайд этди. Шунга асосан, яқин орадаги ҳудудлардан рус миллатига мансуб, 40-50 ёшлардаги аёлнинг бедарак йўқолиши ҳолатларини аниқлаш ҳаракатлари олиб борилди.
Шунингдек, кенг кўламли суриштирув ишлари ҳам ташкил этилди. Жабрланувчи бошқа давлат фуқароси бўлиши мумкинлиги эҳтимоли ҳам инобатга олиниб, меҳмонхоналарда яшаб турган аёл кишилардан йўқолиб қолиш ҳолатлари бор-йўқлиги ўрганилди. Лекин бу кутилган натижани бермади.
“Жасур 222-12-42”
Жасаднинг эгнида бўлган кийимлари атрофлича ўрганилганида, шимининг чўнтагида “Жасур 222-12-42” ёзуви туширилган қоғозча аниқланди.
Бу катта эҳтимол билан телефон рақами эди.
222-12-42 рақамли телефон Тошкент шаҳри, Яккасарой туманида яшовчи фуқаро Б.Ҳамидов уйида ўрнатилгани аниқланди. Фуқаро сўроқ қилинганида, у телефон рақамини 40-50 ёшлардаги аёлга бермаганини маълум қилди.
Текшириш жараёнида ушбу фуқарога қўшни ҳовлида Андижондан икки ака-ука келиб, ижарада яшаганлиги, уларнинг кичигининг исми Жасур экани, баъзида улар шу хонадонга келиб, телефондан фойдаланиб туришгани, кейин кўчиб кетишгани маълум бўлди.
Жасурнинг шахси аниқланиб, терговга жалб этилганида, у ростдан ҳам Тошкентда ижарада яшаганини, баъзан ўша хонадоннинг телефонидан фойдаланганини тасдиқлади. Бироқ жиноят ҳақида ҳеч нарса билмаслигини таъкидлади.
Тўғри йўлга тушган суриштирув
Жасур сўроқ жараёнида ўзи англамаган ҳолда бир муҳим кўрсатма берди. Яъни у бир сафар уй бозорига борганини, ўша ерда уйини сотмоқчи бўлган бирор шахсга ўзида телефон бўлмагани сабабли қўшнисининг телефон рақамини ёзиб берган бўлиши мумкинлигини айтди.
















