“Бугунги кунда, интернет тармоғидаги кўп платформалар ёшларимизнинг чексиз ижодий изланишларига имконият очиб берди. Ҳажвияли ёки жиддий контент яратиш жуда осон ва қулай бўлиб қолди.
Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳарбий ёки махсус форма кийиб масхарали контентлар яратиш орқали тенгдошларини кулдиришга, саёз фильмлар ёки сериаллар орқали оммани жалб қилишга қаратилган ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка олиб келиши мумкин.
Кузатувларга кўра, айрим ижтимоий тармоқларда, фильмларда ва сериалларда қаҳрамонлар фойдаланадиган формали кийим-бош нотўғри ёки қўпол хатолар билан кийилган ҳолда жамоатчиликка намойиш қилинмоқда.







Ушбу фактлар нафақат ҳуқуқбузарлик ҳисобланади, балки ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат деб баҳоланади”, дея ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазирлик мулозими ҳарбий ёки махсус формали кийим-бошни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2091-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун сабаб бўлишини эслатиб ўтди.
“Ички ишлар вазирлиги турли ижодкорлар ва ижтимоий тармоқ фаолларига бу масалада ҳамкорликка ҳамиша тайёр эканлигини маълум қилди. Агар сиз ички ишлар органлари билан боғлиқ бирор ижодий иш ёки видеомаҳсулотни тасвирга олмоқчи бўлсангиз, ИИВ ёки ҳудудий ички ишлар органларининг ахборот хизматларига мурожаат қилишингиз мумкин. Биз, албатта, ўз тавсияларимиз ва маслаҳатларимиз билан сизга кўмаклашишга тайёрмиз. Масалага ўзбошимчалик билан ёндашмаслигингизни сўраймиз”, дейди Шоҳрух Ғиёсов.

















