Жаҳон | 12:05 / 25.01.2022
24974
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Қирғизистоннинг бир қанча йирик шаҳарлари ҳам электр таъминотисиз қолган

Қирғизистоннинг Норин, Бишкек, Ўш ва Иссиқкўл, Қозоғистоннинг Олмаота, Чимкент, Тароз, Жамбил ва Туркистон вилоятларида ҳам «свет» ўчган.

Фото: Kun.uz

Қозоғистон жанубидаги йирик шаҳарларда ҳам «свет» ўчган. Бу ҳақда Orda.kz портали хабар бермоқда.

«Олмаота, Чимкент, Тароз, Жамбил, Туркистон ва мамлакат жанубидаги бошқа шаҳарлар электр энергиясидан узилиб қолди. Олмаотада электр қуввати етишмаслиги шаҳарнинг барча туманларида кузатилмоқда.

Худди шундай муаммолар Ўзбекистон ва Қирғизистон шаҳарларида ҳам учраб турибди. Тошкентда сув таъминотида муаммолар бор, светофорлар, метро ишламаяпти. Қирғизистоннинг Норин, Бишкек, Ўш ва Иссиқкўл вилоятларида ҳам электр энергияси ўчирилган», дейилади хабарда.

Тахминан соат 11:00 лардан бошлаб Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида электр энергияси тизимида узилишлар кузатилмоқда. Энергетика вазирлигига кўра, айни пайтда ўрганиш ишлари олиб бориляпти ва тез орада таъминот тикланиши бўйича маълумот берилади.

Xpress'нинг ёзишича Марказий Осиё давлатлари электр энергия тизими ўзаро мувофиқликда фаолият юритади, шу сабабли бир мамлакатда содир бўлган йирик авариялар бир лаҳзада бошқа давлатлар электр таъминотида ҳам сезилади. Минтақадаги электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш билан шуғулланувчи «Энергия» номли мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази Тошкентда жойлашган.

Ялпи узилиш бошланганига қарийб 1 соат ўтган бўлса-да, бирор электр станциясида катта авария рўй бергани ҳақида айтилмаётганидан келиб чиқиб, муаммо тизим бошқарувида эканини тахмин қилиш мумкин.

Мавзуга оид