Вилоят ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов эса тадбирларда расм ва видеотасвирларни тарқатган ўқитувчиларни «гап ташиш» ва «ғийбатчилик қилиш»да айблади.
Андижон вилоятидаги барча туман-шаҳарлардаги таълим муассасаларида ўқитувчилар, мактаб раҳбарлари ва маҳалла аҳли билан «Гулхан атрофида» номи остида оммавий тадбирлар ўтказилаётгани ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Айрим ўқитувчилар мазкур тадбирларга мажбурланаётгани, раҳбарлар эса 22:00 гача таълим муассасасида ушлаб қолинаётгани ҳақида ўз эътирозларини билдиришган.
Бироқ вилоят халқ таълими бошқармаси мазкур иддаоларни кескин рад этиб, тадбир маҳаллалар ва у ерларда янги ташкил этилган ёшлар етакчилари томонидан амалга оширилаётганини таъкидлади. Аммо вилоят таълим муассасалари ходимларининг Facebook’даги саҳифаларини кузатар экансиз, бу тадбирларда асосан мактаб ўқитувчилари иштирок этаётганини кўриш мумкин.

Шунингдек, мазкур тадбирларда мактаб ўқувчиларнинг ҳам иштироки кузатилмоқда.
Жумладан, Асака тумани 30-умумтаълим мактабидаги кечки тадбирларда юпун кийинган ўқувчиларнинг рақс тушаётгани интернет саҳифасига жойлаштирилган.

Энг қизиғи, мазкур тадбирлар ортидан таълим муассасалари раҳбарларига оммавий тарзда «Виждон хати» ёздирилмоқда.
Таҳририятимизга келиб тушган мана шундай хатлардан бирида директор ва унинг ўринбосарлари тадбирларда виждонан иштирок этишга ваъда бериши ҳақида ёзилган.
Ушбу ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар ортидан вилоят ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов мурожаат билан чиқди ва ўз мурожаатида гуруҳлардаги расмларни тарқатаётган ўқитувчиларни «гап ташиш» ва «ғийбатчилик қилиш»да айблади.











