1979 йилда Афғонистон раҳбари Ҳафизулла Амин ўзининг жуда қаттиқ қўриқланадиган қароргоҳида йўқ қилинади. КГБ Аминни заҳарлаб ўлдириш бўйича махфий операция амалга ошмаганидан сўнг “Мусулмон батальони” қиёфасидаги десантни очиқ ҳужумга ташлайди. Ҳафизулла Амин ҳаммадан кутса ҳам СССРдан бундай ҳаракатни кутмаганди. Соқчилари навбати билан ўлдирилиб, ўзига яқинлашиб келаётганларида у ёрдамчисига қарата “Руслар билан боғлан, улар албатта ёрдам беришади” дейди. Аммо ҳужум қилаётганларнинг айнан руслар эканлигини эшитиб, бутунлай шокка тушади.

Ибтидо

СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши йигирманчи асрнинг энг катта хато ва фожиаларидан бири эди. Ўн йил давом этган уруш йирик империянинг парчаланиши сабабларидан бири сифатида ҳам кўрсатилади. Амалда бирор натижага эришилмаган бўлса-да, собиқ иттифоқнинг бундай йўл тутишига қатор сабаблар бор эди.

Афғонистонда 1933 йилдан 1973 йилга қадар ҳукмдорлик қилган Муҳаммад Зоҳиршоҳ даврини мамлакатнинг ўзига хос олтин асри дейишади. Нисбий тинчлик ва демократия ҳукм сурган бу даврда Афғонистон кўп жиҳатдан ривожланган ёки ҳеч бўлмаганда ривожланаётган давлатлар қаторига кириб қолганди. 1973 йилда у Италияда сафарда бўлган чоғида амакиваччаси Муҳаммад Довуд томонидан давлат тўнтариши уюштирилади ва шу билан фақат деярли ўттиз йил ўтиб, кексалик чоғидагина юртига қайта олади.

Урушларгача Афғонистон Фото: Dr Bill Podlich
Урушларгача Афғонистон Фото: Dr Bill Podlich

Муҳаммад Довуднинг 5 йиллик бошқаруви монархиянинг тугатилиши, Афғонистоннинг республикага айлантирилиши сингари бир қарашда демократик ислоҳотлар билан бошланган, амалда репрессиялар, диктатура, тартибсизлик ва исёнлар билан ёдда қолади.

Бу жараёнларнинг мантиқий якуни сифатида “Савр инқилоби” юз берди - инқилоб раиси сифатида Нур Муҳаммад Тароқий давлатни бошқаришга киришди. Мамлакатни СССРга мос социалистик республикага айлантиришга киришган Тароқий жуда кўпчиликнинг қаршилигига учради ва ўтказаётган ислоҳотлари самара бермай қолди.