Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган целлофан пакет ва қадоқ ишлаб чиқарувчи Maya Plast заводи уч қисмга бўлинади. Дастлабки босқичда Россиядан келтирилган ва маҳаллий хомашёдан оддий целлофан ишлаб чиқарилади, иккинчи босқичда унга дизайн муҳрланади ва якунда қадоқ-пакетлар тайёр ҳолатга келтирилади.
Компания асосчиси Асрор Тоиров Maya Plast’нинг дунёга келиш тарихи билан ўртоқлашди.

“Ўзим тадбиркорлар оиласида туғилганман. Яшашимиз яхши эди. Дадам ўқисин, дунёқараши кенгайсин деб Америкага ўқишга жўнатган. Лекин оилавий бизнесимиз касодга учраб, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлдим. Укам билан бирга ота касбни ўрганиб, ёрдамга киришдик.
Авваллари бизнесда ҳамма нарса мумкин, бу шунчаки иш деб тушунардим. Вақти келганда савдога ёлғон ҳам аралашиб кетарди. Лекин Ислом руҳимга ўзгариш олиб кирди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларини ўқиб, ҳаётимга ва бизнесга татбиқ эта бошладим. Ҳалолликда барака борлигига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Уйланиш даврлари келиб, отамдан оқ фотиҳа олган ҳолда ўзим алоҳида компанияга асос солдим”, дейди у.


Бугунги кунда яхши танилган кўплаб брендларга хизмат кўрсатиб келаётган Maya Plast компанияси ўз мижозларига юқори сифатдаги целлофан пакет ва ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларига бежирим кўринишдаги қадоқларни таклиф қиляпти. Нархлар буюртма ҳажмига қараб белгиланиши, салмоғи йирик келишувларга бонус сифатида дизайн ва қолип тайёрлаш ишлари бепул амалга ошириб берилар экан. Корхонада 50 нафарга яқин ходим фаолият юритмоқда.



Бу турдаги бизнесга қай даражада талаб ва эҳтиёж бор эканига қизиқдик. Маълум бўлишича, бозорда шу йўналишнинг ўзида рақобатчилар етарлича топилар экан. Айтишларича, уларнинг катта-кичиклиги ускуналарнинг тури, хизматнинг сифати ва бир вақтда бажариб берилаётган иш кўламига қараб фарқланади.












