Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасада таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб узр сўрашган. Kun.uz манбаси хабар қилишича, бунга туман халқ таълими бўлими мудири ва ҳоким ёрдамчиси масъул бўлган.

Сайт таҳририятига келиб тушган мурожаатга кўра, Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчилари ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган.

«Мактабимизда 4 феврал куни туман ҳокимлиги вакиллари билан биргаликда ота-оналар йиғилиши ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг таълим олишидаги бўшлиқлар, олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари танқид остига олиниб, устозлар ота-оналар олдида турғазиб қўйилди», — дейди шахсини ошкор этмасликни сўраган гувоҳлардан бири.

Унинг сўзларига кўра, директор бошчилигида ўқитувчилар ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан «биз айбдормиз», деб ота-оналардан кечирим сўрашган.

«Туман ҳокими учун шундай негатив керак экан. Йиғилиш сценарийси муаллифлари — ХТБ мудираси ва ҳоким ёрдамчиси узрбозликка бош-қош бўлди.

Устозларнинг «айб»лари аёвсиз очиб ташланаётганида айрим ҳамиятли ота-оналар сўзга чиқиб, устозлардан узр сўрашди. «Сизларнинг ўрнингизда биз бўлишимиз керак», дейишди», — дея ҳикоя қилади тадбирда иштирок этган Kun.uz манбаси.

Унинг билдиришича, ота-оналарнинг чиқишидан кейин ҳам масъулларнинг ҳаракатларида ўзгариш бўлмаган, улар тадбир туси ва риторикасини ўзгартиришга ҳаракат қилишмаган, пўписа қилишда давом этишган.

«Устозларнинг меҳнатлари инобатга олинмади, уларни руҳан синдиришди. Ёш устозлар очиқ-ошкора «ўқитувчилик касбини танлаганимдан минг афсусдаман», дейишмоқда. Анча йил ишлаб тажриба орттирган устозларнинг ҳам боши хам. Мактабни ташлай деса бошқа ҳунари йўқ. Бу ёқда бола ўқитиш, уйлаш-жойлаш ташвиши», — дейди узрхоҳлик тадбирида иштирок этган устозлардан бири.

Бундай «узр сўраш» маросими ўқитувчилар ва ота-оналар томонидан кескин танқидга учрагач, бошқа мактабларда ўтказилган йиғилишларда директорлар ўз ходимларини саҳнага чиқаришмаган. Шу билан бирга шу каби йиғилишлар Марҳамат туманидаги 9-, 27-, 43-мактабларда ҳам ўтказилган.

Андижон давлат университети таянч докторанти Шарофиддин Ҳошимжонов бўлиб ўтган воқеа ҳақида фикрларини билдирди.

«Ўқитувчиларнинг 85 фоизи чаласавод эмас. 50 фоизи шунақа, 50 фоизи фақат кун маддоҳларники эканини билиб, қўлини ювиб қўлтиғига урган. Бу ёқда талаб катта, муаммолар эса тизимли. Синфларда ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги керак, лекин ҳозир камида 30 нафардан.