Ўзбекистон | 07:52 / 12.02.2022
6547
5 дақиқада ўқилади

Профессионал таълим муассасаларининг бўш турган ўқув хоналари ижарага берилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг “Профессионал таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ислоҳотларни жадаллаштириш ва касбий кўникмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга 2022 йил 1 майдан қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

а) профессионал таълим муассасаларининг таълим жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари (асбоб-ускуналари билан бирга), бошқа бино ва иншоотларини ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларига:

касб-ҳунар, хорижий тиллар ёки тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курсларини ташкил этиш учун 5 йилгача бўлган муддатга;

маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун 5 йилгача бўлган муддатга ижарага бериш;

б) профессионал таълим муассасаларидаги бўш турган ер участкалари, бино ва иншоотларида таълим муассасасининг тайёрлов йўналишларига мос келадиган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича таълим муассасаси таъсисчилигидаги масъулияти чекланган жамиятлар ташкил этиш;

в) профессионал таълим муассасасининг ўқув-амалиёти жараёнида ишлаб чиқарилган ярим тайёр, тайёр маҳсулотларни (товар, иш, хизматларни) намойиш қилиш ва сотиш;

г) ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни сотишдан ҳамда бўш турган бино, иншоотлар, ўқув-тажриба майдонлари ва ер участкаларини ижарага беришдан тушган маблағларни ўқув жараёни учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини, хорижий адабиёт ва ўқув қўлланмаларни харид қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва уларни рағбатлантириш, ўқувчиларга стипендия тўлаш учун мустақил сарфлаш.

Белгиланишича:

а) профессионал таълим муассасаларининг бино, иншоотлари, ўқув-тажриба майдонлари ва ер участкаларининг бўш турган қисми ушбу муассасада ўқитилаётган касб ва мутахассисликларга мос бўлган фаолият билан шуғулланаётган ўзини ўзи банд қилган шахслар ва тадбиркорлик субъектларига қонунчиликда белгиланган тартибда ижарага берилади;

профессионал таълим муассасаларининг бино, иншоотлари, ўқув-тажриба майдонлари ва ер участкаларининг бўш турган қисми ижарага бериладиган шахслар электрон савдо майдончасида ўтказиладиган танлов асосида белгиланади;

б) профессионал таълим муассасаларининг бино, иншоотлари
ўқув-тажриба майдонлари ва ер участкаларининг бўш турган қисми электрон савдо майдончасида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган энг кам ижара ставкаларининг 50 фоизи миқдоридаги бошланғич нарх бўйича танловга қўйилади;

в) профессионал таълим муассасаларининг ўқув хоналари, ўқув устахоналари, ўқув-тажриба майдонлари, бошқа бино, иншоотлари ва ер участкаларининг бўш турган қисмини маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ёки енгил конструкцияли ўқув устахона ва ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш учун ижарага олган ўзини ўзи банд қилган шахслар ва тадбиркорлик субъектлари зиммасига қуйидаги ижтимоий мажбуриятлар юклатилади:

профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг амалиётини ўзини ўзи банд қилган шахснинг ва тадбиркорлик субъектининг маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жойларида ташкил этиш;

профессионал таълим муассасалари битирувчиларини ишга қабул қилиш. Бунда, ишга қабул қилинган битирувчиларнинг сони тадбиркорлик субъектининг умумий ходимлар сонининг 30 фоизидан кам бўлмаслиги лозим;

профессионал таълим муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда уларнинг бино ва иншоотларини таъмирлашга кўмаклашиш;

г) ўзини ўзи банд қилган шахслар ва тадбиркорлик субъектлари зиммасига юкланадиган ижтимоий мажбуриятларнинг аниқ миқдори танлов натижалари бўйича аниқланади ва ижара шартномасида кўрсатилади;

д) профессионал таълим муассасаларининг ўқув хоналари, ўқув устахоналари, ўқув-тажриба майдонлари, бошқа бино, иншоотлари ва ер участкаларининг бўш турган қисмини ижарага беришдан тушган маблағнинг 1 фоизи – Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги давлат мулки ижара марказларига, қолган қисми эса – электрон савдо майдончаси операторига тўланган тўлов чегирилгандан кейин мазкур профессионал таълим муассасасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;

е) профессионал таълим муассасалари томонидан ярим тайёр
ва тайёр маҳсулотларни (иш ва хизматларни) сотишдан ҳамда ўқув хоналари, ўқув устахоналари, ўқув-тажриба майдонлари, бошқа бино, иншоотлари, шунингдек, ер участкаларининг бўш турган қисмини ижарага беришдан тушган маблағлар уч йил муддатга фойда солиғи ва қўшилган қиймат солиғини солиш объекти ҳисобланмайди;

ё) профессионал таълим муассасалари ижарага берилган бино, иншоотлар, ўқув-тажриба майдонлари ва ер участкалари учун тўланадиган мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан уч йил муддатга озод этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид