Дин ишлари бўйича қўмита ижтимоий тармоқларда диний масалалар бўйича муносабат билдиришда демократик тамойилларни ёдда тутишни ҳамда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликни сўради.

«Афсуски, охирги вақтда ижтимоий тармоқларда баъзи мутаассиб шахслар, айрим ҳолларда эса диний соҳа вакиллари томонидан ҳам Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги ягона давлат сиёсатини нотўғри тушуниш ва баҳолаш, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, воқеликни бўрттириб кўрсатиш, инсонлар фикрида нохолис муносабатни шакллантиришга бўлган уринишлар кузатилмоқда.

Биринчидан, шуни унутмаслик керакки, биз дунёвий, ҳуқуқий демократик, кўп миллатли ва турли конфессияли жамиятда яшаймиз.

Иккинчидан, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда ҳеч қайси динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирор имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Учинчидан, турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз хатти-ҳаракат, гап-сўз ва саъй-ҳаракат – турли динларга эътиқод қилувчи аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ҳамда дискриминация ва турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин», дейилади қўмита муносабатида.

Қўмита қонун устуворлиги ҳақида эслатган расмий шахсларга диний соҳа вакиллари турли муносабат билдираётгани, Адлия вазирлиги Ўзбекистонда диний ташкилотларни рўйхатга олиш ва қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ваколатли орган эканини таъкидлаган.

Шунингдек, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг бешинчи ва еттинчи моддаси талаблари эслатилган.

«Қонуннинг бешинчи моддасида қуйидагилар келтирилади: фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, жамоат тартибига, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш қатъий белгилаб қўйилган.