17:43 / 21.02.2022
16458

Нозима Давлетова Масс-медиа фонди директори лавозимига тайинланди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг директори ўзгарди. Бу ҳақда фонд хабарида айтилган.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

Қайд этилишича, Нозима Давлетова Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори лавозимида иш бошлади.

Масс-медиа фонди васийлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида фонд директори лавозимига Нозима Давлетованинг номзоди тасдиқланган.

Н.Давлетова жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис. У "Халқаро музокаралар" соҳасида университетда дарс бериш тажрибасига эга, гендер масалалари бўйича лойиҳалар ташаббускори ва координатори бўлиб ишлаган.

2021 йилнинг феврал ойида аввал АОКАда бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган Aкбар Ризаев Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори этиб тайинланганди.

Ундан олдин, 2020 йилнинг июл ойида собиқ теннисчи Александра Колесниченко Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг янги директори сифатида иш бошлаганди.

Маълумот учун, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг асосий мақсади оммавий ахборот воситаларига медиа бозорида тенг шароит яратиш, уларни янада ривожлантириш ҳамда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда кўмаклашиш ҳисобланади.

Top