Пекинда 4 февраль куни бошланган қишки Олимпиаданинг сўнгги кунида финланд ҳоккейчилари финалда россиялик рақибларини мағлуб этиб, илк бор Олимпия ўйинлари чемпионига айланди, шунингдек британиялик аёл спортчилар кёрлингда олтин медал соҳиби бўлишди - бу Британия делегациясининг Пекиндаги биринчи ва охирги олтини бўлди.
Финландия ва Россия олимпия қўмитаси жамоалари ўртасидаги ҳоккей мусобақаси финали 2:1 ҳисобида якунланди. Яримфиналда русларга буллитда (ҳоккейдаги пенальти) ютқазган шведлар бронза учун баҳсда словакларга ҳам мағлуб бўлишди (0:4).
Бу сафарги қишки Олимпиадага ҳам аввалгиларида бўлгани каби АҚШ ва Канада спорт жамоалари иштирокидаги Миллий ҳоккей лигаси вакиллари келишмаган канадалик ва америкалик ҳоккейчилар яримфиналга ҳам етиб кела олмади.
Олимпиаданинг сўнгги кунида Британия делегацияси ниҳоят олтинга эга чиқди: кёрлинг бўйича аёллар жамоаси финалда японларни йирик ҳисобда мағлуб этди - 10:3.
Британияликлар қишки спорт турларида кучли эмас, аммо кёрлингда улар жуда кучли: эркаклар жамоаси бир кун олдин финалда кутилмаганда шведларга ютқазиб қўйганди - 4:5.
Олимпиада сарҳисоби
Мусобақалар учта кластерда бўлиб ўтди: Пекиннинг ўзида, пойтахтдан шимоли-ғарбда жойлашган Яньцинда ва шаҳардан 200 км масофадаги Чжанцзякоуда.
Ўйинларда 92 мамлакатдан спортчилар қатнашди.
Жами 109 та медаллар шодаси ўйналди - бу тўрт йил олдин Пёнгчангда ўтказилган Олимпиададагидан 7тага кўп. Энг кўп медаллар норвегиялик спортчиларга насиб этди.
Ўйинларнинг сўнгги кунида, чанғида 30 км масофага пойгада норвегиялик Тереза Йоҳауг энг яқин таъқибчиси, америкалик Жесси Диггнсни 20 дақиқага ортда қолдириб, олтин медалга эга чиқди. Бу норвегларнинг Пекиндаги 16-олтин медали бўлди, жамоа медаллар сони бўйича ҳам, медаллар сифати бўйича ҳам яққол биринчи бўлди - 16 олтин, 8 кумуш ва 13 бронза, жами 37 медал. Иккинчи ўринни Германия эгаллади - 12 олтин (якшанба куни немислар бобслейда битта олтин ва битта кумуш қўлга киритишди), 10 кумуш ва 5 бронза. Кучли учликни мезбонлар - Хитой якунлаб берди - 9 олтин, 4 кумуш ва 2 бронза. Олимпиадада фаворитлар қаторида турувчи ва бу сафар ҳам Олимпия қўмитаси байроғи остида иштирок этган россияликлар 6 олтин медал билан кифояланишди, лекин умумий медаллар сони бўйича улар иккинчи бўлишди - 32 медал. Германия медаллар сони бўйича ҳам кучли учликда.
Ўзбекистон номидан ушбу Олимпия ўйинларида қатнашган ягона спортчи Комилжон Тўхтаев тоғ чанғиси бўйича слалом ва гигант слалом йўналишида иштирок этди. Гигант слаломда 29-поғонани банд этган спортчи, слалом баҳсларини муддатидан аввал якунлаганди.







































































