Ўзбекистон | 14:31 / 24.02.2022
20277
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ноқонуний олтин қазиб олаётган 54 киши ушланди

Конимех туманидаги Лолазор номли ташландиқ олтин кони ҳудудида ноқонуний олтин қазиб олаётган 7 та гуруҳ қўлга олинган. Олдинроқ ушбу ҳудудда 4 киши қум босиб қолиши оқибатида вафот этганди.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

 Навоий вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 22 февраль куни вилоят ИИБ ЖҚБ, Зарафшон шаҳар ИИБ, Миллий гвардия ва ФВБ ходимлари ҳамкорлигида ташландиқ кон ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида 7 та гуруҳ таркибида ноқонуний олтин қазиб олаётган 54 киши ушланган. Улар Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Самарқанд вилоятининг Нарпай ва Пахтачи, Бухоро вилоятининг Шофиркон ҳамда Вобкент туманларида яшовчи фуқаролар бўлган.

Мазкур шахслар фойдали қазилмаларни қазиб олиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиб келаётганлиги аниқланган. Улардан 4 дона движок, 7 дона электрон болға, 2 та Ford машинаси, 2 тонна таркибида олтин зарралари бўлган тош-қум, шунингдек, қазиш ишларида ишлатиладиган турли ускуналар, тош майдаловчи қурилмалар ҳужжатлаштириб олинган. 

Таъкидланишича, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 54 нафар фуқаронинг шахсига аниқлик киритилиб, улардан тушунтириш хатлари ҳамда бармоқ изларидан намуналар олинган. 2 тонна қум эса таркибида қанча миқдорда олтин борлигини аниқлаш мақсадида НКМК ДК МКБга тегишли лабораторияга топширилган.

Олдинроқ ушбу ҳудудда 5 нафар шофирконлик фуқарони қум босиб қолган ва уларнинг 10 кун тупроқ остида қолиб кетган мурдаси 30 метр чуқурликдан топилганди.

2021 йилнинг 13 ноябрь куни ҳам мазкур ташландиқ конда 4 киши қум босиб қолиши оқибатида вафот этганди.

Мавзуга оид