24 феврал тонгида, Москва вақти билан соат 5:30да Россия президенти Владимир Путин давлат телеканаллари орқали мурожаатида Украинада «махсус ҳарбий амалиёт бошлангани»ни эълон қилди. У Донецк ва Луҳанск халқ республикалари ёрдам сўрагани, «Киев режими томонидан таҳқирлаш ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш» учун ҳарбий ҳаракатлар бошлаганини маълум қилди. Украина бўлаётган ҳодисаларни «босқинчилик уруши» деб атади. АҚШ ва Буюк Британия Россиянинг ҳаракатларини Украинага ҳужум сифатида баҳолаган.

«Ҳурматли ўртоқлар»

«Мен махсус ҳарбий операция ўтказишга қарор қилдим. Унинг мақсади саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирлаш ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилишдир. Ва бунинг учун биз Украинани демилитаризация ва денацификация қилишга интиламиз. Шунингдек, тинч аҳолига, жумладан, Россия Федерацияси фуқароларига қарши кўплаб қонли жиноятларни содир этганларни ҳам судга тортиш мақсад қилинган», деди у мурожаати давомида.

Президент Россиянинг режаси Украина ҳудудини босиб олиш эмаслигини қайд этган.

У Украина фуқароларига мурожаат қилган.

«Бугунги воқеалар Украина халқи манфаатларига тажовуз қилиш истаги билан боғлиқ эмас. Бизнинг ҳаракатларимиз - бизга қарши таҳдидлардан ўзимизни ҳимоя қилишдир. Қанчалик қийин бўлмасин, буни тўғри тушунишни сўрайман», деган Путин.

У украин ҳарбий хизматчиларини қуролларни топшириб, таслим бўлишга чақирган.

«Украиналик ҳарбий хизматчиларга ҳам мурожаат қилишим керак. Ҳурматли ўртоқлар, ота-боболарингиз умумий ватанимизни ҳимоя қилиш йўлида ҳозирги миллатчилар Украинани эгаллаб олиши учун жанг қилмаган. Сиз Украина халқига қасамёд қилгансиз, Украинани талаб, халқининг устидан куладиган тўдага эмас. [Бу тўданинг] жиноий буйруқларини бажарманг.

Сизларни тезда қуролларни ташлаб, уйингизга қайтишни сўрайман. Айтиб қўяй, эҳтимолий қон тўкилиши Украина ҳудудида ҳукмронлик қилаётган режимнинг виждонига ҳавола бўлади», деди Путин.

Президентнинг телемурожаати 27 дақиқа давом этган, у НАТО шарққа қараб кенгайишда давом этаётганини такрорлаган, СССР қулаши ва дунёда «кучлар нисбати» бузилганини эслатган, Иккинчи жаҳон уруши билан параллеллар келтирган.

Ҳар томондан ҳужум