Жаҳон | 09:56 / 26.02.2022
22451
2 дақиқада ўқилади

Байден Украинага зудлик билан 600 млн доллар ажратилишини эълон қилди

АҚШ президенти Жо Байден давлат котиби Энтони Блинкенга Украинага зудлик билан ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини берувчи меморандум имзолади. Тегишли ҳужжат Оқ уй томонидан эълон қилинди.

Фото: AP

«Украинага зудлик билан ҳарбий ёрдам кўрсатиш мақсадида давлат котибига қуйидаги ваколатларни топшираман: АҚШнинг 250 миллион долларгача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатиши мамлакат хавфсизлик манфаатлари учун муҳимлигини аниқлаш ваколати, Мудофаа вазирлигининг мудофаа маҳсулотлари ва хизматлари кўринишида умумий қиймати 350 миллион долларгача бўлган маблағларни юбориш ваколати», дейилади ҳужжатда. 

Жо Байден маъмурияти АҚШ Конгресси Россиянинг Украинага бостириб киришига Вашингтон жавоб чораларини кўриш учун дастлаб 6,4 миллиард доллар ажратишини истамоқда, деб ёзади AP. 

Маблағлар биринчи навбатда минтақага ҳарбий ва гуманитар ёрдам учун йўналтирилиши керак, дея хабар берган сўровдан хабардор уч нафар манба. 

Энг катта суммани Пентагон, Давлат департаменти, шунингдек, тинч аҳоли эҳтиёжларига ёрдам тарқатувчи АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) олади. Кичикроқ маблағлар Вашингтоннинг санкцияларга жавобини шакллантириш учун масъул бўлган Молия вазирлиги ва Савдо вазирлигига берилади.  

Аввалроқ, АҚШ президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб кириши фонида америкаликларга мурожаат қилганди. 

«Путиннинг нутқини томоша қилдим, унинг мақсади СССРни тиклаш. Путин – агрессор. Биз жасур украин халқини қўллаб-қувватлаймиз», деди Байден.

Мавзуга оид